Ўзбекистон | 23:00 / 01.07.2019
48991
6 дақиқада ўқилади

1 июлдан қандай ўзгаришлар жорий этилди?

Қуйида 2019 йил 1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгариши ҳақида маълумот берамиз.

Ўзбекистонда 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши мажбурий қилинган(ди). Лекин бу тартиб ўз муддатида кучга кирмаяпти. ИИВ ЙҲХББ «Камералар бутунлай бекор қилингани йўқлиги, фақат муддатларини узайтириш режалаштирилаётгани» тўғрисида баёнот берди.

 «Ходимларни боди камералар билан таъминлаш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бир неча вазирлик ва ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда боди-камераларни ишлатиш юзасидан техник шартлар, уларни харид қилиш бўйича тендер танловлари шартлари ишлаб чиқилди, эълон қилинди. Турли савдо ташкилотларига юборилди. Уларнинг таклифлари жамланди.

Махсус комиссия томонидан ҳар бир таклиф атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида камераларнинг нархидан бошлаб, етказиб бериш шартлари ва муддатларигача кўриб чиқилди. Навбатдаги вазифа камераларни турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил холатларда, вазиятларда ишлатиб кўриш ва синовдан ўтказиш эди. Бу босқич ҳам муваффақиятли якунланди.

Боди-камералар харид қилинадиган ташкилот аниқ бўлди. Энди бутун диққат-эътибор маълумотларни сақлаш қурилмаларини харид қилиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишга қаратилди. Бу осон вазифа эмас. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу дастурий таъминотни тўғри ва аниқ ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ. 

Шуни ҳисобга олган ҳолда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ишларига етук мутахассислар, компаниялар жалб этилди. Ҳозирги кунгача бу ишларнинг деярли 80 фоизи бажарилди. Боди-камераларни харид қилиш юзасидан тузилган шартномада уларни етказиб бериш муддати 120 кун қилиб белгиланган. Бу таъминотчининг талаби. Ўз-ўзидан равшанки, бу муддат қарор ижросини ўз вақтида бажаришга мос келмайди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига боди-камераларни ишга тушириш муддатларини узайтириш бўйича таклиф берилди. Камералар бутунлай бекор қилингани йўқ, фақатгина унинг ишга тушириш муддатларини узайтириш режалаштирилмоқда. Шуни тўғри тушуниш ва қабул қилиш керак», дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабарида.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарорига кўра, 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб ЙПХ ходимлари ўз хизмат вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши керак эди. Яъни, боди-камерасисиз йўлда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими — ноқонуний ЙПХ ходимига айланиши керак эди.

Қайд этиш керакки, қонун бўйича видеокамерасиз ЙПХ ходимига ҳужжат кўрсатмаслик мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-банди 4-хатбошисига биноан, ҳайдовчилар мобиль видеокамерасиз хизматни олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.

Ушбу тартибни 2020 йил 1 январгача узайтириш лойиҳаси мавжуд, аммо ҳали у шунчаки лойиҳа холос, расмий ҳужжат эмас. Агар мабодо ЙПХ ходими Сизга «бу тартиб 2020 йил 1 январдан кучга киради, ҳужжатларни кўрсатишга мажбурсиз» деса, Вазирлар Маҳкамасининг 975-сонли қарорига ҳеч қандай ўзгариш киритилмаганлигини, шу сабабли ЙПХ ходимининг талаби ноқонуний эканлигини тушунтиринг. Кучда турган қарорга бўйсунишга ҳамма мажбур.

Ўзбекистонда 1 июлдан сиртқи таълимга ҳужжатлар қабули бошланди. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига киритилган қўшимчалар билан сиртқи таълимга ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.

Сиртқига ҳужжат топшириш учун иш жойидан тавсиянома ҳам шарт эмас. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Абитуриентлардан паспорт ва диплом талаб қилинади. Кириш имтиҳонлари ҳар йили 16 августдан 25 августгача бўлган муддатда ўтказилади. Имтиҳонлари камида 3та фандан муайян таълим йўналишида ўқитиш тилида ўтказилади. Имтиҳонлар тест ёки касбий (ижодий) ва ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади. Қайси ОТМда тест бўлади, қайси бирида ижодий имтиҳон бўлади, буниси Давлат қабул комиссияси томонидан олдиндан тасдиқланади.

29 августга қадар имтиҳон натижалари эълон қилинади ва абитуриентларни талабаликка тавсия этиш тўғрисида ОТМ ректорининг буйруғи чиқарилади.

Эски банкнотлар муомаладан чиқарилди. 2019 йил 1 июлдан бошлаб, 50 ва 100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик эски намунадаги банкнотлар муомаладан қайтариб олинди.

Уларнинг ўрнига 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик,  100 сўмлик, 200 сўмлик ва 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил июлида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2001-2002, 2004 ва 2009 йилларда чиқарилган эски намунадаги 50 ҳамда 100 сўмлик тангалар 2019 йилнинг 1 июлига қадар ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши ва банкка келиб тушган ушбу тангалар қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмаслиги маълум қилинганди.

«50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлар ҳам 2019 йилнинг 1 июлига қадар муомалада бўлади.

200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар эса 2020 йил 1 июлга қадар қабул қилинади ва шундан сўнг муомаладан чиқарилади.

Эски намунадаги тангалар ва банкнотларни янги намунадаги тангалар муомалага чиқарилган кундан бошлаб банклар орқали янги тангаларга алмаштириб олиш мумкин. Эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик банкнотларни эса 2019 йил 1 июлдан бошлаб банк кассаларида алмаштириш мумкин», дейилганди Марказий банк баёнотида.

2019 йил 1 июлдан ОТМ ўқитувчилари маоши ошади. Олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар таркиби ҳамда бюджет маблағлари ҳисобига фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишларнинг илмий-техника дастурларини амалга оширишда қатнашувчи илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва раҳбар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари оширилган миқдорларда тўланади.

Мавзуга оид