Жамият | 19:30 / 02.07.2019
20080
4 дақиқада ўқилади

Беш болали аёлнинг бошдан кечираётганлари

Аёлни бежиз гулга қиёслашмайди. Зеро, у нозик хилқат, нафосат тимсоли. Аммо, шундай аёллар борки, уларнинг сабр-матонати метиндан қаттиқ, тоғлардек мустаҳкам. Беш нафар фарзанднинг онаси Дилором Исломова сабр ва тоқат тимсолига айланаёзган аёллардан бири. Мана, бир неча ойдирки, ёлғиз она (турмуш ўртоғи турли важлар билан жазони ўташ муассасасида) уй мусодара қилингач, ижарама-ижара яшаб кун кечирди. Аммо вояга етмаган фарзандлари билан ижара ҳақини тўлаш ҳам қийин бўлиб қолди, тор ҳовлида тиқилиб яшаётган уч оиланинг тўртинчиси бўлиб, Дилором ота уйига қайтиб келишга мажбур бўлди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

«Ота-онам пенсионер, ўзлари ҳам кўпчилик: икки акам, беш нафар фарзанди, турмушга чиқмаган сингилларим бор» , — дея оиланинг танг аҳволини тушунтиради Дилором Исломова.

Уйда хоналар етишмаслиги сабабли Дилоромнинг акаси 3 нафар фарзанди билан ижарага чиқиб кетган. Дилором эса фарзандлари билан ошхонада яшаб келмоқда. Кичик фарзанди ҳали гўдаклиги туфайли (1 ёш) ишлаб пул топишга ҳам имконияти ҳам йўқолган. Шунга қарамай, қора қозонни қайнатиш учун 13 ёшли тўнғич қизи ва беш боланинг онаси пишириқ сотади.

Бир ёқда эса, икки фарзанд мактабга, яна иккиси боғчага чиқиши керак. Дилором барчанинг ризқини бериб турган Зот уни ҳам ташлаб қўймаслигига ишонади. Айнан мана шу ишонч Дилоромнинг: «Бир кун келиб, бу вазиятдан чиқиб кетаман. Агар чиқолмасам сабр қиламан» , — деган сўзларида мужассам.

Ҳар бир идрокли шахс атрофдаги яқинлари, жамиятнинг бошқа аъзоларига эътиборсиз бўлиши мумкин эмас. Беш боланинг келажакда етук олим ва меҳнаткаш кадрлар бўлиб тарбия топишида Дилором ёрдамга муҳтож. Арзимаган кўмак, ширин сўз ва эътибор беш қалбга яхшилик уруғини экади, улар меҳрибон бўлиб улғайишига сабабчи бўлади.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун Дилором Исломованинг пластик карта рақами: 8600 0417 9510 9991 (Агробанк).

Алишер Рўзиохунов тайёрлади


Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!

Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.

Мавзуга оид