Жаҳон | 03:16 / 03.07.2019
32022
4 дақиқада ўқилади

Россиянинг 14 денгизчи ҳалок бўлган сувости аппарати ҳақида нималар маълум?

Фото: ТАСС

1. Россия ҳудудий сувларида 14 нафар сувости-денгизчиси ҳалок бўлди

Воқеа 1 июль, душанба куни юз берди. Ҳалокатга сувости аппарати бортида келиб чиққан ёнғин сабаб бўлди, деб хабар берди Россия мудофаа вазирлиги.
«Ўн тўрт нафар сувости-денгизчиси ёнғин пайтидаги тутун натижасида ҳалок бўлди», — дейилади вазирлик хабарида.

2. Сувости аппарати мудофаа вазирлиги манфаатлари юзасидан океанни ўрганиш билан шуғулланган 

«1 июль куни Россия ҳудудий сувларида Россия ҳарбий-денгиз флоти манфаатлари юзасидан Жаҳон океани тубини ўрганишга мўлжалланган илмий-тадқиқот сувости аппаратида батиметрик ўлчовлар олиб бориш чоғида ёнғин келиб чиқди», — деб хабар берди мудофаа вазирлиги.

3. Ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлишган 

«Жамоанинг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин ўчоғи бартараф этилди. Сувости аппарати Североморск ҳарбий-денгиз базасида сақланмоқда», — дея иқтибос келтиради ТАСС мудофаа вазирлигидан.

4. Сувости аппаратида тирик қолганлар борлиги аниқланди

Жабрланганлар мудофаа вазирлигининг Североморскдаги ҳарбий-денгиз клиник госпиталига келтирилган. Ҳалок бўлган 14 денгизчининг жасадлари ҳам шу ерга олиб келинган.
Baza Telegram-каналининг хабарига кўра, 4-5 киши тирик қолган. 

5. Ёнғин келиб чиқиши сабаби ҳозирча номаълум 

Сувости аппаратида ёнғин келиб чиқиши ва 14 денгизчининг ҳалок бўлиши юзасидан тергов ишларини Россия ҳарбий-денгиз флоти қўмондони Николай Евменов бошқармоқда. 
Россия тергов қўмитаси денгизчиларнинг ўлими юзасидан текширув бошлади. 

6. Аппарат атом сувости кемаси бўлиши мумкин 

РБК манбасининг маълумотига кўра, у сувости илмий-тадқиқот аппарати эмас, балки «Лошарик» номи билан машҳур ўта махфий атом сувости кемасидир.

У «Лошарик» номини 1971 йилдаги совет мультфильми қаҳрамони бўлмиш шишириладиган шарлардан ясалган тойчоқдан олган. АС-12 атом сувости кемаси бир-бири билан боғланган бир қанча титан сфералардан иборат.

АС-12 кемасининг техник маълумотлари махфийлаштирилган. Тахминларга кўра, унинг узунлиги 70 метрни, эни эса 7 метрни, тўла сув сиғими 2 минг тоннани ташкил қилади. Кема 6 минг метр чуқурликкача тушади ва сув остида 30 узел тезликда ҳаракатланади.

«Лошарик»да қуроллар йўқ. Станция манипуляторлар, драга, телегрейфер ва гидростатик қуқур деб номланувчи қурилмалардан иборат. Экипаж таркибида 25 нафар офицер бўлади. 

«Лошарик»дан ташқари бир неча километр чуқурликда фақат «Мир» сувости станциялари ишлаши мумкин, аммо улар сув остида узоқ юришга мослашмаган. «Мир» станциясининг аккумулятор батареялари қуввати 72 соатга етади. «Лошарик» эса атом қурилмаси ҳисобига сув остида бир неча ой юриши мумкин.

7. Бу кейинги 11 йил давомида сувости денгизчилари билан юз берган илк ҳалокатдир 

ТАСС маълумотларига кўра, Россия сувости кемаси билан аввалги ҳалокат 2008 йил 8 ноябрда Тинч океани флотининг Япон денгизидаги полигонида содир бўлган. К-152 «Нерпа» атом сувости кемасининг завод синовлари пайтида ёнғин ўчириш автоматлашган тизими ўз-ўзидан ишлаб кетган. Оқибатда уч ҳарбий ва 17 нафар мутахассис ҳалок бўлган, 40дан ортиқ киши заҳарланган.

Мавзуга оид