Спорт | 10:20 / 04.07.2019
9820
2 дақиқада ўқилади

«Атлетико»ни ҳали тарк этмаган Гризманнинг рақами янги футболчига берилди

«Атлетико»нинг янги аъзоси Жоау Фелиш Мадриддаги илк мавсумида 7-рақамда ўйнайди, деб маълум қилинди клуб расмий сайтида.

«Матрасчилар» таркибида 2014 йилдан буён 7-рақам ҳужумчи Антуан Гризманнга тегишли эди. Ўтган мавсум охирида у жамоадан кетиш ниятида эканини эълон қилган.

Қайд этиш керак, клуб расмий сайтида 7-рақамда ўйнаган «Атлетико» афсоналари сифатида Уфарте, Диего Форлан ва Маноло номлари санаб ўтилган, яъни Гризманн фамилияси тилга олинмаган. Ваҳоланки, Форлан 2007-2011 йилларда тўрт мавсум ўйнаб, 96та гол урган бўлса, Гризманн сўнгги 5 мавсумда жамоа сафида 133та тўп киритди.

Қўшимча қилиш жоиз, 19 ёшли Жоау Фелишни «Бенфика»дан сотиб олиш «Атлетико»га 126 млн еврога тушди. Бу эса уни тарихдаги энг қимматбаҳо португалиялик футболчига айлантирди.

Бунга қадар ушбу мақом Криштиану Роналдуга тегишли бўлиб, бир йил олдин «Ювентус» уни «Реал»дан 117 млн еврога харид қилганди. Португал футболига тааллуқли учинчи энг қиммат трансфер ҳам Роналдуга алоқадор – «Реал» 2009 йилда уни «МЮ»дан 94 млн еврога сотиб олган.

Фелиш, шунингдек, жаҳоннинг энг қиммат футболчилари орасида 4-ўринга жойлашди. Ундан юқорида фақат Неймар (222 млн), Килиан Мбаппе (180 млн) ва Филиппе Коутиньо (145 млн) бор холос.

Хабарларга қараганда, Жоаунинг Мадриддаги маоши йилига 3,5 миллион еврони ташкил қилади.

Мавзуга оид