Жамият | 18:37 / 04.07.2019
9472
3 дақиқада ўқилади

Наманган вилоятидаги илк парашют секцияси тантанали очилди

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Поп тумани ўқув-спорт техника клуби қошида вилоятдаги илк парашют спорт секцияси иш бошлади.

Янги спорт секциясининг очилиш маросими, “Токио сари йўл” шиори остида бугун, 4 июнь куни, Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган Халқаро Олимпия куни спорт тадбирлари билан биргаликда ўтказилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши, Поп тумани ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарияти, Миллий гвардия ва ҳарбий қисмлар аскарлари, вилоятдаги туманлар ўқув-спорт техника клублари вакиллари, спортчи ёшлар, мактаб ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари иштирок этишди.

Тантанали очилиш маросимини Поп тумани ҳокими Азамжон Султонов кириш сўзи билан очди.

“Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев, ўз сўзида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сонли қарори ижроси доирасида парашют спорти бўйича ташкил этилган мазкур спорт секцияси, мамлакатда парашют спортини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, фуқароларнинг мазкур спорт турига қизиқишини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда ҳарбийларнинг ҳамда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари ташкил этилди. Турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги ЎСТКлар жамоалари аъзолари совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, наманганлик ёш констукторлар томонидан тайёрланган ракета моделларини учирилиши бўлиб ўтди.

Сўнгра парашют спорт секциясининг рамзий лентаси қирқилди. Парашют спорти билан шуғулланиш имконини берувчи вилоятдаги илк спорт секцияси, парашют тизимлари, анжомлар ва тренажерлар билан, шунингдек, ўқув-методик ва кўргазмали қуроллар билан тўла жиҳозланган. Шунингдек, водий вилоятлари ўқув-спорт техника клубларидаги биринчи 17 метрлик парашютдан сакраш минораси ҳам мавжуд.

Дилмурод Жумабоев,
Ҳотам Мамадалиев олган суратлар

Мавзуга оид