Спорт | 11:11 / 05.07.2019
6493
2 дақиқада ўқилади

Уимблдон иштирокчиси номуносиб ўйин учун жазоланди

Фото: Clive Brunskill/Getty Images

Австралиялик теннисчи Бернард Томич Уимблдон мусобақаси тарихига узоқ вақтга кирадиган бўлди. У мусобақанинг 1-раунди учрашуви натижасига кўра профессионал теннисчига хос бўлмаган ўйин учун мукофот пулидан маҳрум этилди.

Томич француз Жо-Вильфрид Цонгга қарши учрашувни 2:6, 1:6 ва 4:6 ҳисобида ютқазди. Учрашув эса бор-йўғи 58 дақиқа давом этган.  

Мағлубиятга қарамасдан, австралияликка 45 минг фунт стерлинг миқдорида мукофот пули берилиши керак эди. Бироқ мусобақа ташкилотчилари эркаклар ўртасидаги учрашувлар охирги 15 йил ичида бунчалик тез тугамаганини аниқлашгач, теннисчини жазолашга қарор қилишган.

Ҳакамлар фикрича, теннисчининг ўйини “Катта дубулға” мусобақалари стандартларига мос бўлмаса, ўйинчи қоидабузар деб топилиб, жаримага тортилиши мумкин. Цонг-Томич ўйини ҳаками ташкилотчиларга австралияликнинг кортдаги ўйини профессионал мақомга яққол хос бўлмаганини маълум қилган. Натижада ўйинчини мукофот пулидан маҳрум қилишга қарор қилинган.

Таъкидланишича, теннисчи ушбу қарор юзасидан шикоят қилиши мумкин.

1 июлдан Британия пойтахти Лондонда 133-маротаба Уимблдон мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Мусобақа 14 июлда якун топади. 

Мавзуга оид