Ҳаётидан қониқмайдиганлар учун 5 савол
Лайфхакер ҳаётидан кўнгли тўлмайдиганлар учун бешта саволни тақдим этди. Қотиб қолган нуқтангиздан силжишни бошлаш учун уларга жавоб беринг.
Баъзида бизда “қотиб қолганлик” ҳисси пайдо бўлади: одатий ҳаракатлар оилавий фаровонлик, моддий даромад, максимал унумдорлик, муваффақият ва омад келтирмайди. Ҳаётингизни яхшилаш учун айрим вақтларда бироз тин олиб, ўз-ўзингизга саволлар бериш ва уларга аниқ жавоблар топиш керак бўлади. Бундай одат ўзингиз ва ҳисларингизни яхшироқ тушунишда ёрдам беради.
1. Ҳаракат қилишингизга нима халақит қилади?
“Биз қўрққан ишлар ва сўзлар – кўпинча биз бажаришимиз, сўрашимиз ёки айтишимиз керак бўлган нарсалардир”.
Тимоти Феррисс, ёзувчи
Бизни, кўпинча, ўзгалар эмас, ўзимизнинг шахсий овозимиз ушлаб туради. У биз етарли даражада ақлли ва кучли эмаслигимиз, муваффақиятсиз эканимизни айтади. Агар бир жойда қотиб турганингизни ҳис этсангиз, ички “менингиз” билан диалогларингиз яхшилик билан тугамайди. Унга эътибор берманг.
Айрим кишилар қўрқувларга берилишади. Ундан устун келиш ва ички овозни ўчишга мажбур қиладиган усуллардан бири – қўрқаётган нарсаларингизни тан олиш ва овоз чиқариб айтиш.
“Воқеалар ривожининг энг ёмон вариантини тасаввур қилинг. Ана шунда қўрқувлар енгилишини ҳис этасиз”. Тимоти Феррисс
Тимоти Феррисс «Қўрқувларни бошқариш» номли машқларни ишлаб чиқди. Қўрқувлар хаёлдан қоғозга тушганида реал ҳаётда ғолиб бўлиш анча осонлашади.
Сизни нима ушлаб турибди?
2. Кимнинг рухсатини кутяпсиз?
“Орзуингиз сари бориш учун сизга ҳеч кимнинг рухсати керак эмас. Бор-йўғи юриш керак”.
Гари Вайнерчук, тадбиркор ва ёзувчи
Америкалик тадбиркор ва китоблар муаллифи Гари Вайнерчук бирор нарсани бошлашдан аввал рухсат олиш керак бўлган инсон – ўзимиз деб ҳисоблайди.
Кимдир танловингизни маъқуллашини кутманг. Агар ишдан бўшашни истасангиз – бўшанг, ҳамкасблар маъқуллашини кутманг. Агар фарзанд билан мулоқотни йўлга қўйишни истасангиз, собиқ рафиқангизнинг фикрини кутмай, уни бугундан бошланг. Агар озишни бошласангиз, соғлом таом истеъмол қилинг, атрофдагилар нима деб ўйлашлари ҳақида қайғурманг.
Вайнерчук болаликда ҳикоялар ёзишга қизиққани, бироқ атрофдагиларнинг фикридан жуда қўрққанини айтади. У кимдир уни танлаши, елкасига қоқиб, ҳикоя ёзишини кутарди. У кимдир рухсат беришини кутган.
“Агар бирор нарса қилишни истасангиз, кимдир бу ҳақида сиздан сўрашини кутманг. Буюк ишларни амалга оширинг. Бари амалга ошгач, ишқибозларнинг ўзи бу ҳақида сизга маълум қилади, улар ҳақида хавотирланмаслик керак” – дея маслаҳат беради Гари.
3. Сиз нимага қизиқасиз?
“Ердаги энг кучли қурол - инсоннинг қайноқ қалби”.
Фердинанд Фош, француз ҳарбий арбоби
Агар эркин бўлиш ва ривожланишни истасангиз, ўз-ўзингизга савол беринг: “Нима менинг ичимда олов ёқади?”
Нима мени бахтли қилади? Нимага қизиқаман? Тадбиркор ва Apple асосчиларидан бири Стив Жобс ана шу саволларнинг жавобини кичик ёшиданоқ билган. Оддий маҳсулотларни лойиҳалаштириш – ана шу унинг қалбида олов ёққан.
Нимага қизиқишингизни ўйлаб кўринг. Ана шу билан шуғулланганда диққатингиз бир ерга жамланган, иштиёққа тўла ва самарадор бўласиз.
4. Ўзингизга мажбурият оласизми?
“Инсон ҳаётининг сифати у нима билан шуғулланишидан қатъи назар унинг комилликка интилишига бевосита боғлиқ”.
Винс Ломбарди, америкалик футболчи ва мураббий
Зиммангизга олган мажбуриятларингиз ва ўз-ўзингизга берган ваъдаларингиз бу сиз ва сизнинг идеал ҳаётингиз ўртасидаги кўприкдир. Агар никоҳингиздан кўнглингиз тўлмаса, ўзингизнинг эрлик ёки оталик (ёки аёллик ва оналик) мажбуриятларингизни бажараётганингизни текширинг. Агар ўзингиз истагандан камроқ пул ишлаб топаётган бўлсангиз, ишингизни виждонан бажараётганингизга ишонч ҳосил қилинг.
Агар мақсадга эришишни истасангиз, унга томон қадам босиш ҳақида ўз-ўзингизга ваъда беринг. Фақат уларгина режа бўйича мақсад сари юриш, ташқи ҳолатлардан қатъий назар керакли ишларни бажаришда ёрдам беради.
Агар сизга натижа керак бўлса, ўз ишингиз учун масъулиятли бўлинг.
“Бирор иш билан шуғулланиш сиз учун қизиқ бўлса, уни ўзингиз учун қулай вақтда бажаринг. Агар ўз зиммангизга мажбурият олган бўлсангиз, буни исталган ҳолатда ҳам амалга оширасиз. Ҳеч қандай ўзини оқлаш ҳолатлари керак эмас, фақат натижа зарур”.
Кен Бланшар, ёзувчи
Шунинг учун ҳаётингизни яхшилашни истасангиз, ўзингизни аяманг.
5. Қандай ўзгаришларни кутяпсиз?
“Сизда танлаш имконияти доимо мавжуд: олдинга бир қадам ташлаш ёки хавфсиз жойга қайтиш”.
Абрахам Маслоу, психолог ва гуманитар психология асосчиси
Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни топишга интиляпсизми? Ўз бизнесингизга эга бўлишни истайсизми? Соғлиғингизни тиклаш керакми? Жаҳлни бошқаришни ўрганяпсизми? Ёки ҳамкорингиз билан муносабатларни яхшиламоқчидирсиз? Мақсадларингизни аниқланг ва уларни иложи борича тезроқ қоғозга туширинг.
Хулоса
Агар мақсад сари йўлда жойингиздан силжий олмаётган бўлсангиз, ўз-ўзингизга ана шу беш саволни беринг. Уларга жавоб берсангиз, ўзингиз кутгандан кучлироқ эканингизни англайсиз. Қўрқув ва жамият сизга халақит беришига йўл қўйманг. Сизда орзуга интилиш ва мақсадга эришиш учун куч етарли.
Салбий фикрлар ҳисларингизни назорат қилишига йўл қўйманг. Ўз-ўзингизни танқид қилишнинг ёмон томони йўқ: у бирор нарса нотўғри эканини тан олиш ва ҳаракатлар режасини тўғрилаш имконини беради. Бироқ ўзингизни ўта қийнаш ҳам фақат камчиликларнигина кўришга олиб келиши мумкин.
Мағлубият ва камчиликларни тўғри тан олишни ўрганинг. “Омадсизман” дейиш ўрнига “Омадим келган” дейишни ўрганинг.
Ижобий фикрлашнинг моҳияти камчиликларни сезмаслик эмас, муваффақиятсизликлар ҳақида ачинишларга берилмасликда. Ўз-ўзингиздан қониқмаганингизда ҳисларга эмас, уни ўзгартириш учун нима қила олишингизга эътибор қаратинг. Ижобий фикрлашни ўз-ўзингиз билан диалогдан бошлаш мумкин.
Мавзуга оид
18:36 / 20.09.2024
Психологик ёрдам кўрсатиш фаолиятини тартибга солувчи қонун маъқулланди
07:33 / 24.07.2024
Тегишли малакага эга бўлмай туриб психологик ёрдам кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланади
16:18 / 01.06.2024
“Болаларга маиший муаммоларни сингдиряпмиз” – болаларни эрта "улғайтираётган" лойиҳалар ҳақида
08:44 / 19.01.2024