Ўзбекистон | 21:35 / 08.07.2019
23864
3 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Пахтачидаги ҳолатга ойдинлик киритди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Kun.uz” ахборот сайтида эълон қилинган “Пахтачида қовун-тарвузлар лаборатория текширувисиз сотилмоқда. Мутасадди ташкилотлар нега назорат олиб бормаяпти?” мақоласи юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Аввало таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 532-сонли қарорига мувофиқ, бозорлар, савдо ташкилотлари ва бошқа савдо объектларида полиз маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ҳамда реализация қилиш учун ветеринария участкалари ва бозорлар ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан ветеринария-санитария экспертизаси ва лаборатория таҳлилларидан ўтказилиб, хулоса берилади.

Шунга кўра, ҳозирда деҳқон бозорлари ҳудудида сотилаётган полиз маҳсулотлари хавфсизлик кўрсатгичларига текшириш ва реализация қилишга рухсат берувчи маълумотнома ёзиб бериш ваколати фақат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси тасарруфидаги деҳқон бозорлари қошида жойлашган ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари (ВСЭЛ) томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу лабораторияларда таҳлиллар ўтказилмаса ёки таҳлил натижалари меъёрларга жавоб бермаса, қишлоқ хўжалиги, жумладан, полиз маҳсулотларини бозорлар, савдо шохобчаларига олиб кириш ва сотиш қатъий  тақиқлади.

Бозорлардан ташқари жойларда полиз маҳсулотларини сотиш фақат  маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган дислокация бўйича ажратилган жойларда амалга оширилиши ҳамда ҳудудий ВСЭЛ маълумотномаси билан сотилиши лозим.

– “Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ,  хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан мурожаат бўлганда қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотлари давлат томонидан хавфсизлик кўрсатгичлари бўйича лабораторияда текширилиши ва тегишли хулосалар берилиши мумкин. Яъни, амалдаги қонунчиликда санитария-эпидемиологик хулосалар олиниши ихтёрий бўлиб, юридик ва жисмоний шахслар томонидан мурожаат бўлганда, ушбу маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнида, шунингдек, аҳоли ўртасида касалланиш ҳолатлари тўғрисида хабар келиб тушган ҳолатлардагина  Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларининг хавфсизлик кўрсатгичларини лабораторияларда тўлиқ текшириб бериш ваколатига эга бўлади, – дейди Давлат Санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Баҳром Алматов. – Ҳудудий ДСЭНМларида эса  бундай текширувларни ўтказиш имконияти мавжуд,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги деҳқонларимиз ва сотувчиларимиздан қишлоқ хўжалик, жумладан, айни пишиб етилган, халқимиз севиб истеъмол қилаётган қовун-тарвузларни лабораторияларда текширувдан ўтказиб, кейин сотишлари ўта муҳим эканлигини эслатиб ўтади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Мавзуга оид