Ўзбекистон | 20:10 / 12.07.2019
150582
3 дақиқада ўқилади

1 августдан ойликлар 10 фоизга оширилди

Бугун, 12 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори оширилиши тўғрисидаги фармонини имзолади. 

Унга кўра, 2019 йилнинг 1 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,1 (10 фоиз) баравар оширилди.

2019 йилнинг 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

  • энг кам иш ҳақи – ойига 223 000 сўм (ҳозирда 202730 сўм);
  • энг кам ёшга доир пенсиялар ва болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 436 150 сўм (ҳозирда 396500 сўм);
  • энг кам зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига 267 650 сўм (ҳозирда 243 300 сўм) миқдорида белгиланди.

Фармонга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб:

  • II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;
  • II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар – пенсионерларнинг пенсияларига устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади;
  • боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

2019 йилнинг 1 августидан I гуруҳ ногиронлик нафақаси, шунингдек, 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июль куни ўтказилган йиғилишда энг кам иш ҳақи миқдори оширилиши маълум қилинганди.

«Охирги икки йилда аҳоли, ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектларини узлуксиз электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада яхшилаш мақсадида тегишли тармоқларни модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш ва харажатларни оптималлаштириш талаб этилмоқда. Буларсиз тармоқларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва соҳага фаол инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.

Шу боис, мутахассислар ва халқ вакиллари фикрларини инобатга олиб, аҳоли учун тарифларни кескин оширмасдан, инфляция даражасига яқин миқдорда ўзгартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган. Тариф ислоҳотлари халққа енгил бўлиши учун энг кам иш ҳақини ҳам ошириш режалаштирилган», дейилганди хабарда.

Мавзуга оид