Light | 12:10 / 14.07.2019
38620
5 дақиқада ўқилади

Шифокор: «Туғма маймоқликни нотўғри даволаш ногиронликка олиб келиши мумкин»

Фото: Shutterstock

Хабарингиз бор, Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учраётган, ёшариб кетаётган касалликлар тўғрисида маълумот бериб боради. Бугун сизга туғма маймоқлик касаллиги ва уни даволаш ҳақида зарур маълумотлар беришни мақсад қилдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Бу хасталик энг кўп учрайдиган туғма ортопедик касалликлардан бири бўлиб, ўрта ҳисобда ҳар 1000 нафар туғилган боладан 4 нафарида учрайди. Туғма маймоқликнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, аниқ бирор хулосага келинмаган, лекин баъзи вақтларда қариндошларида кузатилганлиги, она ҳомиладорлик даврида касалланганлиги, жароҳат олганлиги каби сабаблар кўрсатилади. Ҳар бир инсон келажакда оила қуришни орзу қилади ва соғлом фарзандларни тарбия қилишни хоҳлайди. Баъзида фарзанди туғма маймоқлик касаллиги билан туғилса ота-оналар стресс ҳолатига тушиши мумкин.

Тажрибали ортопед Хушнуд Рустамов билан айнан болаларда учрайдиган туғма маймоқлик касаллигини даволаш тўғрисида суҳбатлашамиз.

Хушнуд Рустамов

– Туғма маймоқлик қандай касаллик?

– Ортопедик нуқсонлар ичида энг куп учрайдиганларидан бири бу – туғма маймоқлиқдир. Бир йилда республикамизда тахминан 3.000 нафарга яқин чақалоқ шу касаллик билан дунёга келади. Ҳозирги кунда бу беморлар турли хил усуллар билан даволаниб келинмоқда. Беморларнинг кўпчилик қисми келажакда ногирон бўлиб қолмоқда. Агар бу нуқсонга ўз вақтида, тўғри ва замонавий стандартларга мос ташхислаш ва даво чоралари кўрилмаса оғир ногиронликка олиб келади.

Даволаш усуллари.

Йигирма биринчи аср тиббиёти бу касалликни қисқа муддатда даволаш имконига эга. АҚШда бу нуқсонни даволаш учун Понсети усули кашф килинган. Понсети усули ривожланган давлатларда стандарт усул ҳисобланади. Понсети усули ўтган асримиз урталарида асли Испаниялик ва АҚШда истиқомат килган шифокор Игнасио Понсети томонидан таклиф қилинган.

У 3 босқичдан иборат:

1-босқич: Гипслаш босқичи – боланинг оёғига бармоқлар учидан то соннинг юқори учлигигача тизза 90 градус букилган ҳолда этапли гипс боғламлари қўйилади. Бунда махсус замонавий тайёр тиббий гипс бинтларидан фойдаланилади. Боғламлар ҳар 5-7 кунда алмаштирилади. Жараён узлуксиз бўлиб, бир боғлам ечилгач, дарҳол кейинги гипслар қўйилиши зарур. Оёқлар 30 дақиқадан ортиқ боғламсиз қолмаслиги керак. Боғламлар сони 4 тадан 6 тагача бўлади.

2-босқич: Ахилотомия босқичи – маймоқликда Ахилл пайи калта бўлади. Бу босқичда шу пай узайтирилади. Амалиёт маҳаллий оғриқсизлантириш остида, терини кесмасдан ва чок қуймасдан амалга оширилади. Ахилотомиядан кейин терида чандиқ қолмайди. Пай кесишни тоза боғлов хонасида бажариш мумкин. Ахилотомиядан кейин 3 ҳафтага гипс боғлами қўйилади.

3-босқич: Брейс босқичи – Бу босқичда беморлар оёғига махсус мослама – Брейслар тақилади. Брейс босқичи касаллик қайталаниш хавфини камайтириш учун хизмат килади. Брейс тақиш протоколи мавжуд. Бунда дастлабки 3-ой беморлар суткада 23 соат давомида Брейс тақишлари зарур. Бола катта бўлиши билан, Брейс тақиш давомийлиги камайтириб борилади. Беморлар мустақил юргач Брейсларни факат уйқу даврида тақиш тавсия килинади. Беморлар 5 ёшга тўлгунча Брейс тақиш қоидасига қатъий риоя қилишлари керак, акс ҳолда касаллик қайталаниш хавфи юзага келади.

Понсети усули афзалликлари:

1)   Юқори самарали;

2)   Кам жароҳатловчи (Малоинвазив);

3)   Осон;

4)   Арзон;

5)   Қайталаниш хавфи кам;

6)   Қисқа муддатли;

7)   Қулай;

8)   Кўпчиликка мос;

9)   Реабилитацияга эҳтиёж йўқ;

10) Ногиронлик олинмайди ва ҳ.к.

1 ойлик чақалоқ «Икки томонлама идиопатик туғма маймоқлик, оғир даражаси» даводан олдин ва Понсети курси қўлланилгандан кейинги ҳолат

20 кунлик чақалоқ «Икки томонлама идиопатик туғма маймоқлик, оғир даражаси» даводан олдин ва Понсети курси қўлланилгандан кейинги ҳолат

Бундай фарзанд дунёга келган оила дастлаб «шок» холатига тушади. Айрим ҳолатларда афсуски «маймоқ» фарзанднинг дунёга келиши оилаларни бузилиб кетишига сабаб бўляпти (қайноналар «келиним ногирон бола туғди» деб ажралишларга сабаб бўлишяпти).

Беморлар бошқа усул буйича, узоқ вақт даволаниб тўлиқ тузалишмаяпти, натижада ногирон бўлиб қолишмоқда.

Ота-оналар Понсети усулни қўллайдиган шифокорларга жуда кеч мурожаат қилишмоқда. Понсети усулини тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқлар ва ОАВдан қўлдан келганича фойдаланяпмиз, шундай бўлсада кўп ҳолларда маълумотлар етарли бўлмаяпти. Бу усулнинг кенг тарғиб этилиши, маймоқлик билан туғилган чақалоқларни ўз вақтида даволаб, соғлом авлодни тарбиялаш ва шу касаллик туфайли юзага келувчи ногиронликни кескин камайишига сабаб бўлади.