Ўзбекистон | 09:40 / 17.07.2019
18352
4 дақиқада ўқилади

Вазир: «Тошкент шаҳрида жўмракдан келаётган сувни қўрқмасдан ичиш мумкин»

Фото: KUN.UZ

16 июль куни “Ҳудудларда уй-жой коммунал соҳа инфратузилмасини ривожлантириш муаммолари” мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Республика аҳолисига етказиб берилаётган тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимларини қуриш, реконструкция қилишга оид маълумотлар тақдим қилинди.

Анжуман давомида тақдим этилган маълумотларга кўра, республика аҳолисини ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича Осиё Тараққиёт Банки, Жаҳон Банки, Араб мувофиқлаштириш гуруҳига кирувчи Ислом Тараққиёт Банки, Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармалари инвестициялари жалб қилиниб, қатор ишлар олиб борилмоқда.

Республика президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “2019 йил инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари иштирокида ичимлик ва оқова сув тизими таъминотини яхшилашга қаратилган 7 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳалар доирасида чет эл инвестицияларини ўзлаштириладиган маблағ қиймати 95,6 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ярим йилликда 53,42 млн. АҚШ доллари маблағлари ўзлаштирилди.

Мазкур инвестиция лойиҳалари доирасида республиканинг ҳудудларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш ҳамда канализация тизимларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича 45,1 км магистрал сув тармоғи, 199,4 км ичимлик сув тармоғи, 48,01 км канализация тармоғи, 7 та сув тарқатиш иншооти, 5 та канализация насос станцияси ва 13 та дона сув минораси қурилиши ишлари бажарилди.

Жорий йилда “Сирдарё вилояти, Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туман марказлари ва аҳоли пунктларида ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳаси бўйича Жаҳон банкининг 88,0 млн доллар кредит маблағлари жалб қилинган ҳолда объектларни фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, Жаҳон банки имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан “Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент (ТЦ-8) шаҳарларида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 306-сонли қарори қабул қилинди.

Осиё Тараққиёт банки имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан “Қорақалпоғистон Республикасининг 6 та тумани сув таъминоти тизимини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳаси, Саудия тараққиёт фонди ва ОПЕК имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан “Китоб-Шаҳрисабз ер ости сув қувури яқинидаги қишлоқ аҳоли пунктлари, Косон ва Муборак туман марказлари сув тизимини реконструкция қилиш” лойиҳаси бажарилиши режалаштирилган.

Kun.uz мухбирининг вазирлик томонидан ичимлик сувининг сифати ва хавфсизлигини яхшилаш, Тошкент шаҳрида жўмракдан келаётган сувни ичиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақидаги саволига уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев шундай жавоб берди:

- Тошкент шаҳрида жўмракдан келаётган сувни қўрқмасдан ичиш мумкин. Сувни текшириш, тозалаш борасида амалга оширилаётган ишлар, сувни тозалаш босқичларини кўриш учун сув иншоотларимизга таклиф этишимиз мумкин.

Мавзуга оид