Илтимос, сувни ўчиринг!..
Тиш юваётганда сувни ўчириб қўясизми ёки оқизиб? Идиш-товоқ юваётганда-чи?
Биргина тиш ювиш учун қанча сув сарфлашингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аслида тиш ювиш учун 1 стакан (200 мл) сув кифоя. Лекин аксарият тиш тозалаш чоғида сувни ўчириб қўйишни хаёлига ҳам келтирмайди. Тишларингизни ҳафсала билан чўткалагунга қадар ўртача 7 литр сув беҳудага оқиб кетишга улгуради. 7 литр! Бунча сувга яна 35 киши тиш тозалаши мумкин. Агар бутун Ўзбекистоннинг 33 миллионлик аҳолиси бир марта тиш ювишда сувни оқизиб қўядиган бўлса, нақ 231 тонна сув исроф бўлади. Ваҳоланки, қайсидир туманларда пойтахтдагидек шариллаган сув ─ орзу!
Ер юзида чучук сув ресурсларининг чегараланганлиги ҳақида яхши биламиз. Ер сайёрасининг 70 фоизини қоплаган 1,5 миллиард куб километр (1,54 квинтиллион тонна)нинг 97 фоизини океан ва денгизларнинг истеъмолга яроқсиз шўр сувлари, 2 фоизини музликларнинг сувлари ташкил этади. Инсоният захирасида атиги 1 фоиз истеъмолга яроқли чучук сув мавжуд ва у ҳам тобора қисқариб, глобал муаммога айланиб бормоқда. Бир кунда бир киши ўртача 200 литр (ювиниш, овқат қилиш, ичиш, идиш ювиш ва ҳ.к) сув сарфлайди. Лекин бу кўрсаткични 30 фоизгача қисқартириш мумкин.
Сувни тежаш кераклиги болаликданоқ сингдирилади. Беҳуда мақсадда ишлатилган сув исроф, исроф эса гуноҳ. Уни тежаш учун аллақандай инновацион ускуна ўйлаб топиш, шўр сувни чучук сувга айлантириш ҳақида бош қотириш шарт эмас. Шунчаки биргина қўл ҳаракати билан жўмракни ёпиш орқали анча-мунча сувнинг тежалишига сабаб бўлиш мумкин. Глобал сувсизликкка қарши кураш ҳар ким ўз кундалик ҳаётида элементар асосда сувни тежашидан бошланади.
Тиш ювишда, соқол олишда, соч ювишда, юзни совунлаётганда шунчаки жўмракни ёпиб қўйинг. Кўп қаватли уйларда кўп кузатиладиган иссиқ сув келгунича совуғини оқизиб қўйишда ҳам сувни бирон идишга тўлдириб олиш орқали ечим топиш мумкин.
Идиш ювадиган ва кир ювадиган машинадан тўғри фойдаланинг. Бундай машиналар 2тагина кийим/идиш учун ҳам 20та кийим/идиш учун ҳам бир хил ҳажмда сув сарфлайди. Шунинг учун уларнинг кучидан тўлиқ ҳажмда фойдаланишга ҳаракат қилиш керак. Яъни белгиланган миқдорда идиш/кийим-кечакни солиб, сувдан унумли фойдаланиш мумкин. Яна бир кичик нюанс: автомат кир/идиш машиналарининг “Эко” режимлисини танлаш мақсадга мувофиқ. Улар эски моделдаги машиналарга қараганда 50 фоизга камроқ сув сарфлайди.
Идиш ювишда сувни охиригача очиб қўйсангиз ҳам, шилдиратиб очиб қўйсангиз ҳам, бир хил натижага эришасиз. Фақт иккинчисида анча сув тежалади. Ёки аввал намланган идишларни кўпикли губка билан ишқалаб чиқиб, кейин чайиб олиш ҳам сув сарфини камайтиради. Идиш ювиш жараёнига хонадон кунлик сув сарфининг 15 фоизи тўғри келади.
Бузуқ жўмракларни таъмирланг. Игна тешигидек жойдан муттасил сув оқиб турса, бир суткада 15 литргача сув исроф бўлади. Шунинг учун охиригача ёпилмайдиган бузуқ жўмракларни ўз вақтида таъмирлатинг, унга қадар эса оқаётган сув остига идиш қўйишга эринманг.
Қоғоздан унумли тарзда фойдаланинг. Қоғоз тайёрлаш энг кўп сув сарфини талаб қиладиган жараёнлардан бири ҳисобланади. 1 килограмм қоғоз тайёрлаш учун 50 литргача сув сарфланади. Шу боис қоғоздан фойдаланишда тежамкор бўлинг, макулатура йиғиб топширишга эринманг.
Агар барибир тиш тозалашда жўмракни ёпиб қўйишга эринсангиз, дунёнинг қайсидир нуқтасида болалар лойқа сув ичаётганини хотирланг. Ўз тажрибамдан айтишим мумкинки, энг яхшиси, мана бу суратни ювиниш хонасига ёки ошхонага ёпиштириб қўйинг.
Сувни тежашга нисбатан эринчоқлигингизни енгишга ёрдам беради.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024
Қирғизистон қўшни давлатларга қанча сув бераётганини эълон қилди
12:00 / 26.10.2024
Қишлоқ хўжалигида сув олиш лимити халқ депутатлари кенгаши томонидан тасдиқланади
13:30 / 25.10.2024