Навоийлик ҳунарманд: «Вилоятдаги бюрократик тўсиқлардан тўйдим»
Kun.uz таҳририятига Навоий шаҳридан мурожаат йўллаган ҳунарманд Жаҳонгир Иргашев билан учрашиб, эътирозларини тинглаганимизда, у гапни айнан сарлавҳадаги сўзлар билан бошлади.
Хўш, у қандай тўсиқ ва муаммолардан азият чекмоқда?
«Тол новдаларидан буюм ясаш билан шуғулланаман. 25-мактаб интернатида имконияти чекланган тарбияланувчиларга ҳам ўз ҳунаримни ўргатиб келмоқдаман. Аммо хом ашё доим муаммо бўлгани учун ер олиб «Америка толи»ни ўзим етиштиришни мақсад қилдим. Жуда кўп оворагарчиликлар бўлди. Ташаббусимни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Анча сарсон бўлганимдан кейин Кармана туманидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида уч гектар ер ажратишди. Зарафшон дарёси қирғоғига яқин ҳудуддан. Шу ерни олишга мажбур бўлдим. Кейин маблағ масаласидан ҳам анча қийналдим. Банкдан маблағ ажратилиши ҳам осон бўлмади. Дарё бўйида «Америка толи»ни экдим. Аммо муаммолар жуда кўп. Навоий давлат ўрмон хўжалиги билан тузган шартномамиз ҳам мукаммал эмас. Пудратчининг манфаатларига кўп томонлама зид. Буларнинг ҳаммаси ҳунарманд учун бюрократик тўсиқлар. Шу туфайли ҳозир фаолиятим ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ҳунармандни вилоятда ҳеч ким қўллаб-қувватламайди», – дейди мурожаатчи.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Жаҳонгир Иргашев бир неча йилдан буён толдан турли буюмлар ясаш билан шуғулланиб келади. У 2015 йили 25-мактаб интернатда тўгарак очган ва ҳозиргача имконияти чекланган тарбияланувчиларига ҳам ўз ҳунари сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
Аммо хом ашё муаммо бўлгани туфайли «Америка толи»ни ўзи етиштиришга қарор қилади ва ер сўраб турли жойларга мурожаат қилади. 2018 йилда унга Зарафшон дарёси бўйидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида 3 гектар ер ажратилади. Шартнома 40/60 шаклида, яъни етиштирилган маҳсулотнинг 40 фоизи ўрмон хўжалигига, қолган 60 фоизи пудратчига шаклида тузилган ва бир йилга тузилиб, ҳар йили янгиланади.
Иргашевнинг таъкидлашича, у шунча бюрократик тўсиқлардан сўнг ер ва маблағга эришганидан кейин ҳам муаммолар давом этмоқда. Мисол учун, ер Зарафшон дарёси бўйида жойлашгани учун сув тошқинлари бўлиб туради ва у етиштираётган маҳсулотларга катта зарар етказади. Бу йил экилган толлар ҳам сув тошқинлари туфайли талафот кўрган.
Аммо шартнома бандларида бу ҳолатлар кўрсатилмаган. Шунинг учун ҳам кўрилган зиён туфайли ўрмон хўжалигидан қарз бўлиб қолган. Шартнома мукаммал бўлмаса-да, ер зарурлиги учун уни имзолашга мажбур бўлган. Ҳунарманд янги шартнома тузилишида шу томонларга эътибор қаратилишини истамоқда.
Шунингдек, ҳунарманд вилоят ирригация бошқармаси ва Кармана тумани ирригация бўлими масъулларидан ҳам норози. Таъкидланишича, бу ташкилотлар дарё бўйидан ижара асосида ер олиб фаолият юритаётган ҳунарманд ва тадбиркорлар билан етарлича ҳамкорлик қилмайди. Зарур кўрсатма ва тавсиялар бермайди.
Иргашевнинг эътирозлари асосида тегишли ташкилотлар мутасаддилари билан ҳам суҳбатлашдик. Навоий вилояти ирригация бошқармаси бошлиғи ўринбосари О.Садинов ва Кармана тумани ирригация бўлими бошлиғи Д.Ражабовнинг билдиришича, ёғингарчилик кўп бўлгани туфайли сув тошқинлари бўлиб туради. Ҳунарманд уларга бирор марта ҳам бу масалада мурожаат қилмаган. Мутасаддилар масала жойида ўрганилиб, мутахассислар томонидан тегишли чоралар кўрилишига, ҳунармандга тавсиялар берилишига ваъда берди.
Навоий давлат ўрмон хўжалиги масъул ходими Э.Бозоровдан ҳунарманд билан тузилган шартнома юзасидан изоҳ сўрадик.
«Бизга ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан шартнома намуналари тақдим қилинган. Шу асосида шартнома тузилган. Пудратчи зарар кўрса ҳам шартнома бўйича маблағни тўлаши лозим», – дейди Бозоров.
Мурожаатчи таъкидлаганидек, шартнома мукаммал эмасми?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи А.Холмўминов билан томонлар иштирокида суҳбатлашдик.
А.Холмўминов шартнома икки томонлама тузилиб, имзолангандан кейин ҳуқуқий асосга эга бўлишини таъкидлаб, кўпроқ ўрмон хўжалиги манфаатлари устун қўйилгани, янги шартнома тузилаётганда айрим бандлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, низолар юзага келса суд орқали ҳал қилинишини билдирди ва ҳар икки томонга тегишли тавсияларни берди.
Ҳунарманд Ж.Иргашевнинг таъкидлашича, у айни вақтда «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо эмас ва кўрилган зарар туфайли бунга маблағи ҳам йўқ. У вилоятдаги тегишли ташкилотлар томондан етарлича қўллаб-қувватлов бўлмагани туфайли ҳунармандчилик маҳсулотларини сотишда ҳам қатор муаммоларга дуч келмоқда.
Kun.uz ҳунарманд Ж.Иргашевни қийнаётган қатор масалалар Навоий вилоятидаги тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, унга амалий ёрдам берилишига ишонч билдиради.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:31 / 22.11.2024
Бухоро ва Навоийда саксовулларни синдирганларга 43 млн сўм жарима белгиланди
14:11 / 11.11.2024
Навоийда Nexia ва Exeed тўқнашиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
12:32 / 06.11.2024
Миср Навоийдаги мис конида бурғилаш ишларини бошлади
16:28 / 01.11.2024