Ўзбекистон | 07:44 / 24.07.2019
36370
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳокимлар иши янги тизим бўйича баҳоланади

Ўзбекистонда барча даражадаги ҳокимлар иши янги тизим бўйича баҳолаб борилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Давлат раҳбари вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари мутлақо янгича ишлаб, 70 фоиз вақтини ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфлаши кераклигини таъкидлади. 

Ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари фаолиятига янги ташкил этилган ёки фаолияти қайта тикланган кичик корхоналар ва уларда яратилган иш ўринлари сонидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериб, рағбатлантириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси қўйилди. 

Баҳо беришда корхоналарнинг яшовчанлик кўрсаткичи асосий мезонлардан бири бўлиши кераклиги белгиланди. Яъни, ташкил этилаётган корхоналарнинг камида 50 фоизи кейинги 3 йил давомида ишласа, ҳоким ва унинг тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосари, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарларини қўшимча моддий рағбатлантириш назарда тутилмоқда. 

Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ушбу янги тизимни жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид