Ўзбекистон | 20:40 / 27.07.2019
53479
2 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳри ҳокими ва прокурорига ҳайфсан берилди

Шуҳрат Абдуллаев

Бош вазир Абдулла Арипов раислигида снос масаласида ўтказилган йиғилишда Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев ва шаҳар прокурори Давлатовга йўл қўйган хатолари учун ҳайфсан эълон қилинди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

26 июль куни Урганч шаҳри Ашхобод маҳалласидан Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва далада палатка ва капа қуриб яшаётган, аммо 1-2 ойдан бери компенсация пулини ололмаётган аҳоли вакиллари Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйишган, вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига етиб келиб, аҳоли билан музокара ўтказган ва 10 августгача компенсация пуллари тўлиқ тўланишини ваъда қилганди.

Бугун, 27 июль куни бош вазир Абдулла Арипов президент топшириғи билан Урганчга етиб борди ва аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларини тинглади.

Миллий Банкнинг Урганч бўлими ходимлари томонидан компенсация пуллари тарқатила бошланди. Режага кўра, шу бугуннинг ўзида 207та хонадон эгасига келишув шартномасида кўрсатилган компенсация пулининг 50 фоизи миқдорида, жами 21 миллиард сўм тақсимлаб берилади. 

10 августгача эса барча хонадон эгалари билан 100 фоиз ҳисоб-китоб қилиниши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, муқаддам Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлган Шуҳрат Абдуллаев 2018 йилнинг декабрида президентнинг вилоятга ташрифи вақтида Урганч шаҳрига ҳоким этиб тайинланганди.

Мавзуга оид