Жаҳон | 22:51 / 28.07.2019
7110
2 дақиқада ўқилади

Навальний кучли аллергия сабаб шифохонага ётқизилди

28 июль куни Россиянинг таниқли мухолифатчиси, Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси Алексей Навальний шифохонага ётқизилди, деб хабар қилмоқда Meduza.

Ҳозирда, мухолифатчи №64 сонли шифохонанинг терапия бўлимида даволанмоқда. Шифокорлар унинг олиб келиниши сабабларига ойдинлик киритишни рад этишган, КҚФ матбуот котиби Кира Ярмиш Навальнийда «кучли аллергия» эканини маълум қилган. 

«Бугун эрталаб (9-30) Алексей Навальний ўткир аллергик реакция ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Юзи кучли шишган ва тери қопламалари қизарган. Аллергия реакцияси манбаси аниқланмаган», - деб ёзган Ярмиш Twitter саҳифасида. Унинг сўзларига кўра, Навальнийда илгари аллергия кузатилмаган. 

Навальнийнинг сафдоши Алексей Волков эса, айни ҳибсхонада худди шундай аломатларни бошидан кечиргани ҳақида маълум қилган. 

«Алексей махсус биринчи қабулхонанинг биринчи камерасида. Унда мен июнь ойида 28 сутка ўтирганман. Чиқишим билан шишиб, қизил тошмалар тошди. Бир ҳафта аллергияга қарши дорилар ичиб юрдим. Аммо, Алексейда ҳам шундай аломатлар бор экан, демак, у қандайдир ғалати аллергия»,  - деган у Twitter саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, суд 24 июлда Навальнийни 30 суткага ҳибсга олган эди. У митинг ўтказиш қоидаларини такроран бузганликда айбдор деб топилган.

Мавзуга оид