Жаҳон | 10:00 / 29.07.2019
120565
4 дақиқада ўқилади

«Москва кўз ёшларга ишонмайди». Россия пойтахтида нималар бўлмоқда?

Россия ҳукумати учун Москва шаҳар кенгаши депутатлари сайловини ўтказиш қимматга тушмоқда. Шанба куни юз берган ҳодисалар тўлқинида мингга яқин киши қўлга олингани айтилмоқда. Унда қон тўкилди, акция иштирокчилари ва давлат органи вакиллари калтакланди. Бу нега юз берди? Ундан ҳам асосий савол: бу яна юз берадими?

Токи ҳукумат тизимли уюшмаган мухолифатнинг сайловда иштирок этиш имкониятини йўққа чиқараркан, бу яна давом этиши мумкин.

Инқирознинг бошланиши

Фото: Евгений Фельдман

Шаҳар кенгаши депутатлиги учун ўтган сайлов атрофидаги инқироз кутилгандек ривожланмоқда. Негаки, сайловни ўтказишга масъул комиссия уюшмаган мухолифат вакиллари, хусусан мустақил номзодлар сиёсий пойгада иштирок этишини ёқламади. Комиссия турли важлар, жумладан номзодни қўллаб-қувватловчилар имзоси тўпланган варақларга путур етганини айтди. Ҳақиқий имзолар сохта, деб топилган вазиятлар ҳам кузатилди. Ваҳоланки, буларга ойдинлик киритувчи экспертиза хулосаси шаффоф бўлмагани иддао қилинди.

Тарафкашлар 20 июль куни рухсат этилган митингни ташкил этди. Рўйхатга олинмаган номзодлар ва овоз берувчилар учрашувига расмий ҳокимият жим қараб турмади. Мухолифат етакчилари қўноқларида тунги тинтувлар бошланди, намойишкорона халқни қўрқитиш усули танланди. Шанба куни яна митинг старт олди ва қўлга олишлар давом этди. Тергов қўмитаси камдан-кам қўлланган жиноят кодексининг бир моддасига мурожаат қилди: қўлга олинганларнинг айримлари сайлов комиссияси ишига босим ўтказишга уриниш билан айбланди.

Ҳукумат танлаган позиция аввалдан маълум эди: шаҳар мэрияси жойлашган Тверская кўчасида кафе, кўнгилочар ва савдо марказларни вақтинча ёпишни сўради. Россия Ички ишлар вазирлиги ўша куни кўчага 3,5 мингдан ортиқ одам тўпланганини маълум қилди. Мухолифат кўча акциясида иштирок этганлар сонини 10 мингга яқин бўлганини айтди. Хуллас, ҳукумат позицияси а) етакчиларни оммадан ажратиб олиб, б) протест иштирокчиларини мэрияга яқинлаштирмаслик, в) акцияда қаттиқ қаршилик кўрсатган, гиперфаол иштирокчилар ҳамда шубҳали шахсларни қўлга олишдан иборат эди. Аслида, бу — протестларни бошқариш назарияси.

Расмийлар қўйилган вазифани қисман уддалади: шаҳар ички ишлар бошқармаси 1373 кишини қўлга олди, акция иштирокчилари тарқоқлашди. Шунга қарамай, акция ярим тунгача давом этди, иштирокчилар шиорларни тез ўзгартириб, ҳукумат, юқори раҳбариятни ҳам қоралаб чиқди. Рўйхатга олинмаган номзодлардан бири Илья Яшин эса янги акция ўтказиш муддатини белгилади. Унга кўра, сайлов комиссияси апелляция мурожаатини кўриб чиқиши билан, 3 август куни акция бошланади.

Шерга айланган халқ

Фото: KIRILL KUDRYAVTSEV / BBC

Шанба митинги бир масалага ойдинлик киритди: ҳукумат рўйхатга олинмаган номзодлар масаласини қайта кўриб чиқмайди, ён бериш нияти йўқ. Ҳар қандай қаршилик ва норозилик эса куч билан босилади. Москваликлар рўйхатга олинмаган номзодлар билан учрашуви енгил митинглар учун эвфемизм бўлмаслиги исботланди. Акцияни тезкор ёритишга ҳаракат қилган «Дождь» телеканали студиясига полициянинг бостириб кириши эса «сайлов комиссияси фаолиятига босим ўтказиш» айби ҳали кўпчилик гарданида эканлигидан дарак берарди.

Мухолифатнинг сайловга қўйилмаслиги, уларнинг легитимлигини йўққа чиқариб, ҳукумат позициясидан ташқари фикрловчи ҳар ким бир шахснинг радикаллашувига олиб келади. Айни пайтда сайловда иштирок этиш механизми қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши, имзоларни тўплаш усули ўзгартирилиши керак.

Ўсиб борувчи протестлар

Фото: Евгений Фельдман

Айрим давлатларда сайловлар имитацион кечади. Шунга қарамай, ўзгаришларни талаб қилаётган мухолифат вакиллари сайловлар орқали кенгаш қарорларига таъсир ўтказиб, иш фаолиятга янгилик олиб кирмоқчи.

Мавзуга оид