Спорт | 10:25 / 01.08.2019
10379
3 дақиқада ўқилади

«Локомотив» Игнатий Нестеровни қайтармоқчи

Фото: KUN.UZ

Допинг сабаб футболдан маълум муддат четда қолган Ўзбекистон миллий термаси посбони Игнатий Нестеров яна 12 кундан кейин машғулот бошлаши мумкин. Бу ҳақда ПФЛ бош директорининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Диёр Имомхўжаев маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил бошида бўлиб ўтган Осиё кубоги вақтида олинган таҳлиллар натижасида Нестеровнинг қонида тақиқланган модда топилгани туфайли ОФК уни 2019 йилнинг 12 октябрь санасига қадар футболдан четлаштирган эди.

«ЎзПФЛ 4 августдан 5 августга ўтар кечаси ёзги трансфер бозорини ёпади. Мазкур оралиқда Игнатий Нестеров Суперлига учун рўйхатдан ўтказилади. Бу борада ЎФА ОФК билан боғланиб, барча масала регламентга асосан ҳал қилиниши юзасидан ишлади», – деб ёзади Имомхўжаев шахсий Telegram-каналида.

Унинг маълум қилишича, 36 ёшли посбон айни вақтда «Локомотив» қизиқиш доирасида бўлиб турибди. 

Қоидага кўра, футболчи қайтиш санасидан икки ой муқаддам жамоавий машғулотларга қўшилиш ҳуқуқига эга. Агар у 12 октябрь куни жамоасининг қайдномасига киритилса, Суперлиганинг 22-туридан бошлаб майдонга тушиш имкониятига эга бўлади.

Қўшимча қилинишича, Нестеров ЖЧ-2022 саралашининг Фаластин, Яман, Сингапурга қарши ўйинларида иштирок эта олмайди. Мураббийлар штаби лозим топса ва ўз формасини тез орада тиклаб олса, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган гуруҳнинг марказий ўйини – Ўзбекистон-Саудия Арабистони учрашувида ва Фаластинга қарши Тошкентдаги жавоб баҳсида иштирок этиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Игнатий Нестеров 2014 йилдан БААдаги Осиё кубогига қадар «Локомотив» шарафини ҳимоя қилган, қитъа биринчилигидан кейин Саудия Арабистонининг «Уҳуд» жамоасига ўтган эди. У фаолияти давомида «Бунёдкор», «Пахтакор» ва Самарқанднинг «Динамо» клубларида ҳам ўйнаган.

«Tribuna.uz» январь ойида 10 мингдан ортиқ респондент иштирокида ўтказган сўровномада тажрибали дарвозабон Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё кубогидаги энг яхши футболчиси деб топилган эди.

Мавзуга оид