Жамият | 19:13 / 02.08.2019
48272
12 дақиқада ўқилади

«Ҳаммаси Риштон учун». «Меҳнат фронти»га ихтиёрийга ўхшамаган сафарбарлик

Бугунги кунда юртимизнинг турли нуқталарида кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Сўнгги кунларда эса бу ишлар авж палласига кирди. Қашқадарёнинг Яккабоғи ва Хоразмнинг Чондирқиётида рўй берган шов-шувли воқеалардан кейин уйлари ва дўконлари бузилганларга компенсациялар тўланиб, қурилиш ишлари жадаллашиб кетди. Ҳамма «ўзбек тилида пайдо бўлган янги сўз» - «снос» ҳақида гапира бошлади, бош вазир, бош вазир ўринбосари, вазирлар, депутатлар, журналистлар... Энди ҳаммаси зўр бўлиб кетадигандек таассурот уйғонди, қаердадир «фавқулодда вазият» ҳам жорий этилди, Фарғонада эса оммавий сафарбарлик эълон қилинди.

Балки, Фарғона вилоятининг Риштон тумани марказий кўчаларида амалга оширилаётган қайта қуриш ишларининг кўлами кенгроқ ва каттароқдир, лекин водийда худди шундай «Обод марказ» лойиҳаси Наманган вилоятининг Чуст, Андижон вилоятининг Марҳамат ва бошқа қатор туманларда ҳам олиб борилмоқда. Айтиш мумкинки, бошқа ҳудудлардаги «снос» ва компенсация тўлаш жараёни, қурилиш ишлари аҳоли ва тадбиркорлар учун оғриқли кечмаяпти.

Риштон халқининг тинчи бузилганига анча бўлган. Баҳордаёқ сайтимизда Риштон марказидаги бозор бузилиши туфайли савдогарлар муаммоларга дуч кела бошлаган, сайтимизда уларнинг мурожаати асосида «Риштонда нима гаплар?» Туман марказидаги бузилиш ишлари ҳақида» сарлавҳали материал эълон қилинган, унда тадбиркорлар огоҳлантиришсиз бузилган дўконлари учун ер ва компенсация берилишини кутаётгани баён қилинганди.

Июнь ойида ижтимоий тармоқда алдаб уйи бузилган риштонликлар президентдан ёрдам сўраган видеомурожаат тарқалганди. Ушбу ҳолат ҳам ўрганилиб, «Ёқмаса, Қирғизистонга кўчиб кетинглар!»: Риштонда бузилаётган уйлар эгалари нега ўз ҳолига ташлаб қўйилди?» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Сўнгги кунларда эса Риштондаги вазият бошқа йўналишда ривожланиб кетди, энди бу ҳудуддаги аҳолига ёрдам кўрсатила бошланди, раҳбарлар аҳоли билан учрашиб, уларнинг дардини тинглаш учун уйма-уй юра бошлади, интернетни ушбу ҳудудда бошланган ободонлаштириш ишлари тасвирлари тўлдирди, ҳаммаёқни тақа-туқ овоз қамраб олди. Аммо бу ишлар вилоятнинг бошқа ҳудудларидан минглаб одамни шу туманга ташлаш орқали кечмоқда. Интернетда Риштон марказидаги қурилиш-бузилиш ишларига вилоятдаги кўплаб корхона, ташкилот, муассаса ходимлари мажбурланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

ЎзА сайтида нашр қилинган «Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда» сарлавҳали мақолада 27-28 июль кунларида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13562 нафар ҳашарчи жалб қилингани тўғрисида маълумот берилди.

Маълум бўлишича, бир неча кундан буён ҳар куни вилоятнинг 11та шаҳар-туманидан Риштонга минглаб ҳашарчилар жалб қилинган бўлиб, ҳар бир туман ҳокими штаб тузиб ўзи бошчилик қилиб, бу ердаги ҳашарчиларга шароит яратиш, аҳолига қурилишда ёрдам бериш ишларига бош-қош бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлигидан бу хилдаги тадбирларни оммавий меҳнат деб атади ва мажбурий меҳнатни тўхтатишни талаб этди.

Шундан сўнг ҳокимият вакиллари ўзларига қарашли бўлган нашрларда танқидларга нисбатан, «Одамлар ҳашарга кўнгилли равишда келишяпти. Ҳеч ким мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани йўқ», дея жавоб қайтаришмоқда. Аброр Деҳқонов муаллифлигида «Қўлингдан келса ёрдам бер, келмаса....», Ҳиммат Давлатёр муаллифлигида «Риштондан репортаж: Бўлар-бўлмасга мажбурий меҳнат деяверсак, меҳр-оқибат туйғуларимизни бой бериб қўямиз», Муҳаммаджон Обидов муаллифлигида «Одамийликми, «мажбурий меҳнат»?», Азамат Аҳмедов муаллифлигидаги «Ҳашар биз учун қадриятга айланган» каби материаллар шулар жумласидан.

Ҳолат билан танишиш учун Фарғонада бўлдик.  

Риштон

30 июль куни туш пайти Риштонда эдик. Дарҳақиқат, бугунги Риштон маркази катта қурилиш майдонига айланган.

Қайта қуриш ишлари кетаётган кўчаларнинг икки ёқасидаги уйлар, нотурар жойлар бузилиб бўлган. Айни пайтда қурилиш ишларига зўр берилмоқда. Ўн километр йўл босиб, фақат ана шу жараённи кўрасиз. Қурилиш ишлари кетаётган хонадонлар ишлаётган одамлар билан гавжум. Бетон қуйиш, девор уриш ишлари кетаётган уйларда гуруҳ-гуруҳ одамлар турнақатор бўлиб, ғишт ва бошқа қурилиш материалларини қўлма-қўл қилиб узатаётганини кузатдик.

Фарғона вилоятининг турли туманларидан келган ҳашарчилар йўлларни кенгайтириш чизиғига тушган уйларда, нотурар жойларда қурилиш ишлари билан банд.

Маълумотларга кўра, йўл бўйида икки қаватли аҳоли турар жойлари, уйларнинг биринчи қаватида тадбиркорлик, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қад ростлайди.

Фарғона, Рашидоний кўчаларида иш қизғин. Юзлаб ҳашарчилар қўли-қўлига тегмай меҳнат қилишмоқда.

Фарғона вилоятининг бошқа туманлари Риштонга кўмак сифатида қурилиш материаллари жўнатмоқда. Қурилиш штаблари ташкил этилган. Ҳар бир бузилишга тушган уйга туманлардан масъул вакил ажратилгани ҳақида ёрлиқлар осиб ташланган.

Қурилиш материаллари ортилган машиналар олди томонига «Қуваликлардан риштонликларга совға», «Лоғонликлардан риштонликларга совға» дея ёзилганини кўрасиз.

Ишлаётган ҳашарчилар учун тушликка дошқозонларда пиширилган таомлар тарқатиляпти. Жараённи кўриб, ўтган асрда советлар замонида уюштирилган ҳашарлар ҳақидаги хроникали кадрлар ёдга тушади.

Ярим соатча туман марказини айландик. Сўнг, қурилиш штабига бориб ҳокимият вакили, маънавият-маърифат бошқармаси ходимаси Хурсаной опа Исламовага учрадик.

«Бугун Риштонга Фарғона вилоятининг деярли барча бурчакларидан ҳашарчилар келиб, туман маркази замонавий ва обод кўринишга келиши учун меҳнат қилишмоқда. Бузилган уйлар учун хонадон эгаларига компенсация пуллари тўланиб, ҳокимият томонидан цемент, шағал, ғишт қўйингки, барча қурилиш материаллари тарқатилиб, қуриб бериляпти. Қурилиш ишлари, халқимизнинг қадимдан келаётган эзгу удумлардан бири бўлган - ҳашар йўли орқали амалга оширилмоқда. Ҳашарчилар туманлардан ўз хоҳишлари билан мана шу Риштон халқига кўмак бериш учун келишган. Уларга деярли барча шароитларни яратиб берганмиз. Сентябрь ойи Қўқон шаҳрида жудаям катта фестиваль бўлиб ўтади. Мақсадимиз, фестиваль бошлангунга қадар Риштонни чиройли ҳолатга келтириш ва аҳолининг уйларини битириб бериш», дейди Хурсаной опа.

Шундан сўнг ҳокимият вакили билан Фарғона кўчасида уйи «снос»га тушиб янгитдан қурилаётган Мадинахон Бозорованинг хонадонига бордик. Бироз аввалроқ интернетда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳратбек Ғаниев велосипедда туман марказини айланиб, мана шу хонадон соҳибаси билан суҳбатлашгани ҳақида фотосуратлар тарқалганди.

«Уйимиз қизил чизиққа тушгани учун бузилди. Бошида тушунмовчиликлар сабаб ижтимоий тармоқларда норози бўлиб интервьюлар бергандим. Уйимиздаги хоналарнинг барчаси кўча тарафда бўлгани учун «снос»дан сўнг яшашга хонамиз қолмаган эди. Уйимиз Қува тумани ҳокимлиги томонидан ўн кун ичида битказиб бериладиган бўляпти. 10 миллион сўм компенсация пули беришди. Қолганини ҳам тез кунларда беришни ваъда қилишган. Уйимизнинг биринчи қаватини савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси қиламиз. Иккинчи қавати эса яшаш жойи бўлади», дейди аёл.

Ҳашарчилар кимлар?

Юқорида келтирганимиздек, Риштондаги қурилишларга вилоятнинг кўплаб туманлари, йирик корхона ва ташкилотлари жалб қилингани кўриниб турибди.

«Азот» АЖ, «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи», «Ватанпарвар» ташкилоти, «Ҳудудий газ тармоқлари» ва яна кўплаб ташкилотларнинг хизмат машиналари ва ходимларини учратдик. Ёшлар иттифоқи вакиллари ҳам қурилишларда астойдил меҳнат қилишяпти.

Ҳашарчилар билан суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, уларнинг аксари ўзларининг қаерда ишлашини айтишни хоҳлашмайди ва ободонлаштириш бошқармаси ходими эканини айтади. Қизиқ, унда улар нега махсус формада эмас. Фарғона вилоятида ободонлаштириш бошқармасининг ходимлари шунча кўпми? Улар нега ўз туманидаги иш жойида эмас.

Олтиариқ кўчасида ишлаётган аёллар ўзларини «Бағдод дон маҳсулотлари» ходимлари сифатида таништиришди. Олтиариқ ҳудудий йўл-қуриш ва эксплуатация корхонаси ходимлари билан ҳам қурилиш устида суҳбатлашдик.

Водийда шу кунларда жуда иссиқ ҳаво ҳукм сурмоқда. Кундуз соат 10дан, соат 17гача ишлаш тугул кўчада юришнинг ўзи қийин. Бағдод туманидан келган аёллар иссиқда ишлаш жуда қийин бўлаётганини айтишди.

Ҳашар халқимизнинг қадимий урф-одатларидан ҳисобланади. Асрлар давомида аждодларимиз эзгу ишларни жам бўлиб, йиғилиб, холисона, ҳеч қандай ҳақ талаб қилмасдан амалга оширишган. Маҳаллаларда уй қуришга уринган оила синчни тиклаб бўлгач, гувала уришга, томга лой босишга ёки кўча деворини бир кунда тиклаб олиш учун маҳаллага ҳашар эълон қилган ва ҳашарлар бир байрамдек ўтган. Масжид, қабристон ва ариқларни тозалаш учун ҳам ҳашар уюштирилган. Ҳар бир оиладан биттадан вакил бориб, жамоат бўлиб, бир-икки кунда кўп ишчи кучи, кўп вақт ва катта маблағ сарфланадиган иш битказилган. Ҳашарларга асосан эркаклар борган. Оилада эркаги йўқ, ёки бошқа жойда зарур юмуши бор одам ҳашар бўлаётган хонадонга бирор товоқда овқат чиқарган.

Гапнинг индаллоси, кўнгилли равишда, ўз хоҳиши билан маълум бир жойдаги иш жараёнида жисмоний меҳнат қилишни «ҳашар» деб аташ мумкин бўлса керак. Лекин шанбалик ва ҳашар - бошқа-бошқа тушунчалар.

Бизнингча, миллий қадриятларимиз, удумларимиздан бири бўлган ҳашар бугун бошқача маънода ишлатила бошланди.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, чиндан ҳам шунча одамнинг ҳаммаси ҳам ўз ихтиёри билан кун иссиғида йўл босиб ҳашарга келишганмикин? Улардан автобусларга солиб, бошқа туманга олиб бориб ташлашдан олдин розилик сўраб кўрилганмикин? Уларга ҳашарга чиқмагани учун иш жойидан айрилиб қолиш таҳдид солмасмикин? Ташкилотларнинг ходимлари ўз иши қолиб қурилиш ишларига олиб кетилаётгани давлатга қанча зарар келтираётган экан? Нега вилоят ҳокимлиги бундай ишлар учун махсус фонд маблағларини сарфламасдан одамларни текинга ишлатишни маъқул кўряпти экан? Ахир ҳудудларни ободонлаштириш учун бюджет ҳисобидан миллиардлаб маблағ ажратилади-ку?

Нега ҳудудлардаги раҳбарлар ўз ҳудудларида билганини қилмоқда? Минбарларда, камералар қаршисида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида такрор ва такрор айтилса-да, ҳаётий ҳақиқат бутунлай бошқача? Бу нимани англатади? Юқоридагилар қачонгача жим қараб туришади? Яна бир шов-шувли воқеагачами?

Шу кунларда ОАВда Риштондаги ҳашардан қайтаётган Қўштепа тумани ободонлаштириш бўлими ходими ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида ҳам хабар тарқалди. Мантиқан, бундай ҳашар қанча кўп вақтга чўзилса, навбатдаги қурбонлар бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Дарвоқе, Риштондаги ҳашар ОАВда ёзилганидек фақат 27-28 июль кунларидагина ўтказилмаган, ҳашар 30 июль куни ҳам давом этаётган эди.

Фарғона матбуоти эса Риштондаги қурилиш ишларида халқ ўз хоҳиши билан иштирок этаётгани ҳақидаги мақолаларни эълон қилишда давом этмоқда.

Мавзуга оид