Жамият | 14:10 / 05.08.2019
11544
7 дақиқада ўқилади

Бизга кун-у тун ишлайдиган кутубхоналар керакми?

Ишим тушиб онда-сонда Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага бораман. Ҳар доим китобхонлар билан тўла залларни кўриб хурсанд бўласиз. Нафақат ёшлар, балки ўрта ва ундан юқори ёшдаги фойдаланувчилар ҳам борлиги яна бир карра завқлантиради. Ҳозир ёз ойлари бўлишига қарамасдан кутубхона одамлар билан тўла. Жой йўқлигидан ерда ўтириб дарс қилаётганлар ҳам бор. Соат миллари 20:00га яқинлашаётган бўлса-да, зал бўшаб қолгани йўқ. Бундан қандай хулоса қилиш мумкин?

Демак, фойдаланувчиларда талаб бор-у таклиф йўқ (балки имконият йўқдир?). Бу битта ахборот-ресурс марказидаги ҳолат. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2019 йил 1 январь ҳолати бўйича республикада 111та кутубхона (таълим муассалари ахборот-ресурс марказларидан ташқари) мавжуд. Тошкент шаҳрининг ўзида 32та шундай кутубхона жойлашган. Хўш, кун-у тун тартибга ўтиш қанчалик керак? Ёки ҳали кутубхоналар бунга тайёрмасми?

«Кунлик фойдаланувчилар сонига нисбатан ўринлар сони камлиги 24/7 режимига талаб борлигини англатади»

Саодат Абдураҳмонова (китобхон):

Кутубхона 24 соатли режимда ишлаши учун етарлича талаб бор, назаримда. Талабалар, абитуриентлар, илмий тадқиқотчилар кутубхонанинг хизматларидан энг кўп фойдаланишади. Кунлик фойдаланувчилар сонига нисбатан ўринлар сони камлиги, китоблар уйга фойдаланишга берилмаслиги ҳам кечки пайтда кутубхонадан фойдаланишга бўлган талабни оширади. Кутубхона ёпиладиган соат яқинлашганда ҳам аксарият залларнинг 30-40 фоизи фойдаланувчилар билан тўла бўлади. Бу 24/7 режимидаги кутубхонага талаб борлигини тасдиқлайди.

Айниқса, кўпчилик талабалар дарсдан кейин ишлайди. Ишдан кейин дарслари билан шуғулланаман, деса кутубхона ёпилган бўлади. Эрталабки соат 9дан кечки соат 6гача ишда банд бўладиганлар соат 19.30даёқ ёпиладиган кутубхонадан қачон фойдаланади? Ҳамма ҳам ўзи истаган китобни сотиб ололмаслиги мумкин. Бу ўринда бош кутубхона максимал имкониятни яратиши керак.

«Кун-у тун ишлаш тартибига бирдан ўтиб бўлмайди. Фойдаланувчилар оқимини ҳисобга олиш керак»

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот кутубхона фондларини комплектлаш хизмати раҳбари Насиба Холдорова:

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаш тартиби душанба-жума кунлари эрталабки соат 9:00дан кечки соат 20:00гача, шанба-якшанба кунларида эса соат 9:00дан соат 17:00гача этиб белгиланган. Давлат байрамлари арафасида - Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, кутубхона директори томонидан тасдиқланган график бўйича ишлайди. Кутубхона давлат байрамлари кунларида ва санитария кунларида (ҳар ойнинг охирги куни) ишламайди. Истисно ҳолларда (давлат миқёсидаги тадбирлар ўтказилиши муносабати билан) кутубхона иш тартибига ўзгартириш киритиши мумкин. Бу тўғрисида фойдаланувчиларга олдиндан хабар берилади.

Ишлаш вақтини узайтириш масаласига келсак, буни бирданига амалга ошириб бўлмайди. Аввал тест режимида ишлашимиз керак. Тахминан куз ойларидан бошлаб соат 8:00 дан 21:00 гача ишлаш тартиби жорий этилади. Бу вақт мобайнида фойдаланувчилар оқимини кузатамиз. Шунга қараб ходимлар тақсимланади. Тажриба синовдан муваффақиятли ўтса, балки, келажакда кун-у тун тартибга ўтишимиз мумкин. Бу ерда бошқа ҳал қилиниши керак бўлган омиллар ҳам бор. Мисол учун, кечки сменада ишлаган ходимга транспорт шароитларини яратиб бериш. Буларни батафсил кўриб чиқиш учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Президентнинг жорий йил 7 июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида кутубхоналарнинг куни узайтирилган тартибда фаолият юритиши вазифаси қўйилган.

Кутубхона иш вақтини узайтиришдан олдин китобхонларда мутолаа маданиятини ошириш керак. Ёшларда китобга бўлган муносабатни ўзгартириш орқали бунга эришиш мумкин. Шу пайтгача бунақа масштабда фаолият олиб борилмаётганига сабаблардан бири ҳам шу. Афсуски, кутубхонага ташриф буюрувчиларнинг ҳаммаси ҳам тартиб-қоидаларга амал қилмайди. Яна бир сабаблардан бири шу пайтгача китобхонлардан талаб келиб тушмаганидир. Ҳозир вазият ўзгарди. Фойдаланувчилар оқими сезиларли ошгани ва кўплаб мурожаатлар туфайли тунги сменада ишлаш тартибига ўтиш масаласини кўриб чиқяпмиз.

«Кутубхоналарни бирлаштирадиган тизимнинг бўлмагани кун-у тун фаолият олиб боролмаслигимизни англатади»

Навоий вилояти Абдулла Қодирий номидаги ахборот-кутубхона маркази директор ўринбосари Шамсия Вақоева:

«Шу пайтгача кутубхоналар вазирлик, турли давлат ташкилотлари қошида бўлган. Уларни бирлаштирадиган тизим бўлмаган. Шу билан бир қаторда, ушбу ахборот-ресурс марказларида соҳа мутахассислари фаолият олиб бормаган. 2006 йил 20 июнда қабул қилинган «Республика аҳолисини ахборот-кутубхона тизими билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарорида кутубхоналар таълим муассасалари ихтиёрига берилиши кўзда тутилган эди. Бу билан ушбу марказларда фақат шу таълим муассасасида ўқийдиганлар фойдаланадиган бўлди ва фаолият кўлами бироз бўлса-да торайди, ташқаридан кимдир келиб кутубхона хизматидан фойдалана олмасди. Натижада, одамларни кутубхонадан узоқлаштириб қўйдик. Биз уларни қайтариш чораларини кўришимиз керак. Шундан кейингина куни узайтирилган тартибда ишласак бўлади. Фикримча, бу жараённи босқичма-босқич олиб боришимиз лозим. Ҳозирча аҳоли ҳам, ахборот-ресурс марказлари ҳам 24/7 режимига тайёр эмас. Президентнинг жорий йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида вилоят, туманларда 186 та ахборот-ресурс марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Ушбу ҳужжат кутубхоначилик фаолиятини юқори босқичга олиб чиқишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади».

Тўғри, кун-у тун ишлаш учун бюджетда етарли маблағ бўлиши керак. Бу ерда ходимлар, энергия таъминоти каби масалалар ҳам бор. Лекин барча кутубхоналар бўлмасада, республикадаги етакчи, катта сиғимли кутубхоналар шу тартибга босқичма-босқич ўтиши керак. Чекланган вақт бўйича фаолият юритилса, аҳолининг кенг қатламини қамраб олиш қийинлашади. Кутубхона ёш-у қарининг манфаатлари ва имкониятларини бирдай ҳисобга олиб ишлаши лозим.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид