Жаҳон | 09:22 / 05.08.2019
96516
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон президенти таътилни қандай ўтказаётгани намойиш қилинди

Фото: Видеодан кадр

Айни вақтда таътилда бўлган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов уни фаол равишда ўтказмоқда. Туркманистон телевидениеси Бердимуҳамедовнинг қандай ҳордиқ чиқараётгани ҳақидаги лавҳани намойиш қилди. 

Лавҳада Туркманистон раҳбари эрта тонгдан велосипедда сайр қилаётгани, йилқичилик мажмуасида аҳалтака отини чоптираётгани ва Ашхободнинг Олимпия шаҳарчасида куч тузилмалари раҳбарлари билан бадантарбия билан шуғулланаётгани кўрсатилган.

Бундан ташқари, лавҳада Бердимуҳамедов турли мусиқий асбоблар чалаётгани ва янги мусиқий асари устида ишлаётгани тасвирланган.  

Туркманистон раҳбари, шунингдек, туркман алабайи зотидаги итлар ҳақидаги китобини ниҳоясига етказган. Лавҳа сўнгида Бердимуҳамедов автомобилда Туркманистоннинг бош диққатга сазовор жойларидан бири – Қорақумдаги газ кратерига боргани тасвирланган. Мамлакатда ушбу газ кратери “Қорақум ёғдуси” деб аталади, хорижда эса “Жаҳаннам эшиклари” сифатида маълум.

20 июлда Туркманистон раҳбарининг вафот этгани ҳақида гаплар пайдо бўлганди, бироқ расмий Ашхобод бу миш-мишларни рад этган. Айни вақтда Туркманистон президенти ва ҳукумати 15 июлдан 15 августгача таътилга чиққан. 

Бунгача Туркманистон телевидениеси мамлакат раҳбарини охирги марта 24 июлда намойиш қилганди. 

Мавзуга оид