Жамият | 11:21 / 06.08.2019
82845
6 дақиқада ўқилади

Далил ҳам, исбот ҳам бор. Бухоро ҳокими ойни этак билан ёпмоқчими?

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги қабристонда ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар ҳамон қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Бухоро шаҳридаги ушбу қабристонга борди ва мавжуд вазиятни жойида ўрганган эди.

Ўрганиш асосида сайтда «Бухородаги қабристонни ободонлаштиришга ташкилотлар ходимлари мажбурий жалб қилинмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда қабристондаги ободонлаштириш ишларига ҳақиқатан ҳам турли ташкилотлар ходимлари жалб қилинаётгани далиллар билан ёритилган эди.

Шундан кейин Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг Facebook’даги саҳифасида шаҳардаги «Ҳазрати имом» қабристонидаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан пост қолдирилди.

Унда марҳумлар ётган жойларни обод ва озода сақлашга эътибор қаратиш фарзлиги, ҳеч ким бу ишларга мажбуран жалб этилмаётгани, барчаси ҳашар тарзида ташкил этилаётгани таъкидланган. Шу билан бирга, Kun.uz сайти суриштирувида тасдиқланган маълумотлар асосида берилган ҳолатлар инкор қилинган.

Ўктам Барноев ушбу фикрлари билан мақоладаги тасдиқланган ҳолатлар билан яқиндан танишмаган кўринади.

Мақолада ҳудуди 17 гектарни ташкил қиладиган энг катта ва қадимий қабристонда олиб борилаётган ишларда ташкилотлардан ходимлар борлиги, шунингдек, ҳарбий қисм аскарлари ҳам ишлаётгани суратлари билан берилганди.

Қолаверса, ободонлаштириш бошқармасининг сўзлари ҳам келтириб ўтилган эди.

«Биз ободонлаштириш бошқармасида ишлаймиз. Бу ерда ишлар бошланганига бир ойга яқин вақт бўлди. Тўғри, бу ерда биздан ташқари, турли ташкилотлар ходимлари, ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам келиб ишлашмоқда. Бугун ҳам эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишди», – деган эди Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг исмини очиқлашни истамаган ишчиси.

«Ўзим боғчада ишлайман. Бизга шу ерга келиб ёрдам беришимизни айтишган. Бир неча кундан буён ишлаяпмиз. Шаҳардаги ҳамма боғчадан келишяпти», — деганди мактабгача таълим муассасасининг исми сир қолишини сўраган ходими.

Шу ўринда Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи И.Қурбоновнинг ҳам сўзларини келтириб ўтайлик.

«Қабристонлар бизнинг тасарруфимизда бўлгани учун бошқармамиз ишчи-ходимлари доимий ишлаяпти. Бошқа ташкилотлардан ҳам келиб ёрдам қилишмоқда. Маҳалла раислари аҳолини жалб қиляпти. Ташкилотлар бўйича сизга аниқ бир гап айтолмайман. Бу ишларни ҳокимият ташкил қиляпти, ташкилотлар ходимлари келишини ҳам улар ташкил қиляпти. Лекин келиб ишлашаётгани рост», — деганди биз билан суҳбатда Қурбонов.

(Барча суҳбатларнинг аудиоёзувлари таҳририятда мавжуд)

Маълум бўлишича, ташкилотларнинг аксарияти эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишган (биз қабристонга тушдан кейин бордик).

Юқоридагиларнинг ўзи ҳолатга етарли далил ва исбот эмасми?

Қолаверса, блогер Умид Гафуров ҳам Бухорода бюджет ташкилотлари ходимлари бир ойдан бери қабристонни ободонлаштиришга жалб этилаётгани ҳақида хабар берган.

Вилоят ҳокими қарийб бир ойга яқин вақт давомида қабристондан олиб борилаётган ишларни ҳашар тарзида ташкил қилинаётганини таъкидлабди. Ҳашар шунча вақт давом этиши мумкинми?

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Ҳашарни ўтказиш учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъиян риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди.

Қолаверса, жазирама иссиқда меҳнат қилаётганлар ўз ихтиёрлари билан келганига ҳам ишониш қийин.

Албатта, қабристонлар ободлигига ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари масъул. Аммо қолган ташкилотлар ходимлари-чи?

Бухоро вилояти ҳокими ойни этак билан ёпмоқчими?

Аслида қабристонлар доимо озода ва обод бўлишини ҳар бир инсон истайди. Шу ўринда биз ҳам. Бунга ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Барчанинг борар жойи, сўнгги манзили. Аммо барчаси белгиланган тартибда, ихтиёрий бўлгани маъқул.

Бухоро шаҳридаги ташкилотлар раҳбарлари ва маҳалла раисларига қабристондаги ободонлаштириш ишларида ходимлар ва аҳоли ўртасида тарғиб қилингани таъкидланади. Аммо «юқоридан» келган бундай кўрсатмани ташкилот раҳбарлари ходимлар ўртасида қандай «тарғиб» қилиши барчага маълум.

Айни вақтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухоро шаҳрида бюджет ташкилотлари ходимларининг ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилингани тўғрисидаги хабарлар бўйича текширув ишларини бошлаган.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид