Спорт | 16:56 / 06.08.2019
36344
3 дақиқада ўқилади

Патрис Эвра: «Роналдунинг уйига бошқа ҳеч қачон меҳмон бўлиб бормайман»

«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳимоячиси Патрис Эвра «Soccer AM» дастури меҳмони бўлиб, «Олд Траффорд»да уч йил бирга ўйнаган дўсти Криштиану Роналду ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

«Унинг уйига бошқа ҳеч қачон бормайман. У «ақлдан озган». Мен Криштиануни яхши кўраман, лекин эсимда бор, машғулотдан кейин у мени тушликка таклиф қилганди.

Бордик - катта стол устида фақат сув, катта идишда салат, қуруқ товуқ гўштининг ўзи... Овқатлана бошладик. Криштиану, ҳеч қандай соус йўқми, десам йўқ дейди. Ҳатто овқатланиб бўлмасимиздан у: “Кетдик, боғда тўп тепамиз” деб қолди.

Биз «two-touch» (шеригидан қабул қилиб олган тўпни иккита тегинишда ўзига қайтиб узатиш) ўйнай бошладик. Бундан кейин эса: «Кетдик бассейнга»... Бассейнда суздик. Сўнг саунага бордик.

Мен ундан: «Сен мени тушликка таклиф қилдингми ё навбатдаги машғулотга?» деб сўрадим. Кейинги сафар таклифларингга йўқ дейман.

Уни яхши кўраман, лекин бошқа ҳеч қачон уникига бормайман», – деди Эвра.

У 7-рақам эгасини нега жаҳоннинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблашини ҳам айтиб ўтди.

«Криштиану – жаҳоннинг энг зўр футболчиси. Шундай десам у менинг дўстим бўлгани учун шундай ҳисоблашимни айтишади. Лекин Криштиану шунчалик қаттиқ меҳнат қиладики, у ҳеч қачон шикоят қилмайди. Машғулот масалан соат 10да бошланса, у соат 8даёқ бориб оларди. Тренажерда ишларди.

Рио Фердинанд билан стол тенниси ўйнаб ютқазганида, уйига бориб теннис столи сотиб олган ва икки ҳафта шуғуллангач, Риони мағлуб этганди. У ҳеч қачон таслим бўлмайди. У ҳамма нарсада энг яхши бўлишни истайди, мағлуб бўлишни ёқтирмайди. Шунинг учун ҳам уни қаттиқ ҳурмат қиламан, мен учун у – жаҳоннинг энг яхши спортчиси», – дейди Патрис.

Эслатиб ўтамиз, Эвра ўтган ҳафта профессионал фаолиятига нуқта қўйганини эълон қилган эди.

Мавзуга оид