Жаҳон | 19:40 / 07.08.2019
185591
2 дақиқада ўқилади

Видео: Атамбоевни қўлга олиш учун операция ўтказилмоқда

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевнинг уйи жойлашган Қўй-Тош қишлоғида махсус амалиёт бошланди. Kaktus Media нашри жараён видеосини эълон қилди.

Собиқ президентга яқин манбаларнинг хабар беришича, унинг уйи махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар томонидан қамал қилинган ва отишма овози эшитилган. Атамбоевнинг дала ҳовлисида унинг тарафдорлари ва журналистлар тўпланган, собиқ президентнинг тарафдорлари фаол қаршилик кўрсатмоқда. Ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари эса махсус воситалардан, резинали ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланмоқда.

24.kg нашри хабарига кўра, камида ўн киши жароҳат олган. Жароҳатланганларга тиббий ходимлар ёрдам кўрсатмоқда.

Хабар қилинишича, уй яқинига махсус техника ва вертолёт келтирилган.

Мамлакатнинг собиқ президентига умрбод қамоқ жазоси таҳдид солмоқда. Уни ҳокимиятни узурпация қилишда (ҳокимиятни ёки бировнинг ҳуқуқини қонунга хилоф равишда тортиб олиш) ва Бишкек ИЭС модернизациясида коррупцияга йўл қўйишда айблашмоқда.

27 июнь куни Қирғизистон парламенти Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этганди. Собиқ президент 5та жиноятга алоқадорликда гумон қилинмоқда ва шу вақтга қадар бир неча марта гувоҳ тариқасида сўроққа чақирилди, аммо у ИИВ тергов бошқармасига бормади.

Қирғизистон парламенти уни жиноий авторитет Азиз Батукаев сохта тиббий маълумотномалар орқали озод қилинишига ҳам алоқадор деб билади. Атамбоевнинг ўзи барча айбловларни инкор этган.

Атамбоев 2011 йилдан 2017 йилгача Қирғизистонга раҳбарлик қилганди.

Мавзуга оид