Жамият | 07:59 / 10.08.2019
175538
13 дақиқада ўқилади

Риштон ҳашаридаги қурбон. Қўштепа ҳокими нимани яширяпти?

Фарғона вилояти, Риштон тумани марказидаги қайта қуриш ишлари, «буз-буз»лар оқибатида аҳоли вакилларининг ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида сайтимизда жуда кўп мақолалар ва репортажлар эълон қилдик.

Аввалига турфа муаммолар аҳоли вакилларининг уйлари огоҳлантиришсиз, уларга ҳеч қандай шароит яратилмай бузилиб, компенсация пуллари берилмаётганида эди.  

Сўнг Риштондаги қурилиш ишларига барча туманлардан, вилоятдаги барча ташкилот вакиллари «ҳашар» ниқоби остида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ижтимоий тармоқларда кун тартиби даражасида муҳокама қилинди.

Риштон марказидаги бузилиш ва қурилиш ишларида Қўштепа туман Ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳам ишлашмоқда. 

Бугунги мақоламиз Риштон ҳашаридан қайтаётганида йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этган ташкилот ходими ҳақида.

Йўл ҳодисаси

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 28 июль куни тунда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг биз Фарғона ИИБ матбуот хизмати билан боғланиб, улардан расмий маълумот сўрадик.    

Бизга воқеа тўғрисида қуйидаги ахборотномани беришди:           

“2019 йил 29 июль куни соат 00:10 ларда туман ШТТЁМдан олинган хабарга кўра, Қўштепа тумани “Файз” МФЙда яшовчи 33 ёшли Олимжон Раҳмонов ўзига тегишли “ВАЗ-2106” (“Жигули”) русумли автомашинасини “Қўштепа—Чимкент” йўлида бошқариб кетаётиб, қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган Қўштепа тумани “Соҳибкор” МФЙда яшовчи 28 ёшли Райимжон Одилов бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган.  

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Жигули” йўловчиси Қўштепа тумани “Янгиариқ” МФЙ Навниҳол кўчасида яшаган 48 ёшли Улуғбек Аҳмаджонов очиқ мия шикасти ташхиси билан Лангар ШТТЁМ жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Шунингдек, “Ласетти” йўловчиси 1991 йилда туғилган Шоира Йўлдошева ҳам даволаниш учун Лангар ШТТЁМга ётқизилган.

Ўтказилган суриштирувга кўра, шу куни Қўштепа туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганлар оммавий ҳашарда бўлмаган ва ҳодиса содир бўлишидан аввал улар ўзларининг шахсий юмушлари билан шуғулланаётган бўлган”. 

Барчамизга маълумки, Меҳнат кодексининг мавжуд моддаларига асосан ходим иш вақтида тан жароҳати олса ёки бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этса, унга ёки унинг оиласига товон пули ва фарзандларига зарар пуллари тўланади.  

Маълумотноманинг сўнгги қаторидаги изоҳга эътибор қаратгандирсиз? Шубҳали ҳолат. Бу изоҳни ўқиб фикримиз ўзгарди ва саволлар пайдо бўлди. Мутасаддилар томонидан ободонлаштириш бошқармаси ходимининг ҳашардан қайтаётиб “авария”га учрашини яшириш ҳолати бўлмаётганмикан? Марҳум - Қўштепа туман ободонлаштириш бўлими ходими Улуғбек Аҳмаджонов ўша куни ҳақиқатан ҳам Риштондаги ҳашардан қайтаётганмиди?

Биз Фарғона вилояти Қўштепа туманида Улуғбек Аҳмаджоновнинг яқинлари билан суҳбатлашиб воқеага ойдинлик киритдик.                              

Марҳумнинг яқинлари нима деди?  

Қўштепа туман, “Янгиариқ” маҳалла, Навниҳол кўчаси 4-уйдамиз. Мотамсаролик ҳукмрон бўлиб турган хонадон. Марҳумнинг яқинлари билан суҳбатлашдик. Бахтсиз ҳодиса қурбони бўлган Улуғбекнинг икки нафар норасида фарзанди бор экан. Беш ёшли қизи Моҳларой ва икки ёшга тўлган Олимжон.

Биз машъум ҳодиса юз берган пайтда ўша жойда бўлган марҳумнинг қайноғаси Пўлатжон Умаров билан суҳбатлашиб, воқеага ойдинлик киритдик.

“Мен ҳам Қўштепа туман ободонлаштириш бошқармасида ходим бўлиб ишлайман. Ўша куни Риштон туманига бориб, “снос” ишлари, яъни ҳашарда иштирок этганмиз. Эрталаб соат беш-олтиларда ҳокимият биноси олдига йиғиламиз. Ҳашарга ишчилар уч-тўртта автобусларда ташилади. Марҳум Улуғбек акам ишхонада омборчи бўлиб ишлагани учун у ерда ишчиларни бошқарарди. Ўша куни шомда ишни тугатиб, Қўштепа томон қайтдик. Аёллар бошқа автобусда эртароқ уйга кетишди. Биз соат 21ларда автобусга ўтирдик. Улуғбек ака эса яна бир ўзимизда ишлайдиган ходим Олимжон Раҳмоновнинг “Жигули” машинасида биздан олдинда кетди. Йўл юриб кетаётиб олдимизда авария бўлганини кўрдик. Машинани таниб автобус тўхтади. Қарасак, Улуғбек ака ерда ётган экан. Ҳайдовчи Олимжон ҳам жароҳат олган. Оғир ҳолатдаги Улуғбек акани Лангар касалхонасига олиб келдик. Рентген хонасига олиб кирганимизда жони узилди. Жонлантириш бўлимига етиб бормади. “Авария” ҳашардан, ишдан қайтаётиб бўлган. Бу ҳодисага ўзим гувоҳман”, дейди Пўлатжон Умаров.

Марҳумнинг хонадонида унинг аёли Муқаддасхон ва волидаси 85 ёшли Пўлатхон она билан қисқа суҳбатлашдик. Улар қўққисдан келган мусибатдан карахт эканлигини айтишди. Аёли ҳам Улуғбекнинг эрталаб Риштонга ҳашарга кетиб, фалокатга учраганини билдирди.

Туман касалхонасига бориб, ўша куни “авария”га учраган “Жигули” ҳайдовчиси Олимжон Раҳмонов билан учрашдик. Унинг оёғи қаттиқ шикаст еган ва даволанмоқда. У ҳам ўша куни ҳашардан қайтаётганда ЙТҲга учрашганини айтди. 

Мавҳумлик...

Энг аввало Улуғбекнинг ўлими ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими, деган саволга жавоб топиш керак. Яна бир савол: ходим ҳашар ишларига жалб қилиниб, ишдан қайтаётган пайтда вафот этса, унинг оиласига зарар, яъни халқ тили билан айтганда, товон пули тўланадими?

Фарғона ИИБ томонидан берилган маълумотдаги изоҳга кўра, жабрланганлар оммавий ҳашарда бўлмаган ва ҳодиса содир бўлишидан аввал ўзларининг шахсий юмушлари билан шуғулланаётган бўлган.

Биз марҳумнинг хонадонида бўлганимизда яна бир ҳужжат билан танишдик. Бу, “Ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома” эди. 62-сонли ушбу ҳужжатнинг 9-бўлимида марҳум “Ишдан ташқари бахтсиз ҳодисадан” ўлим топгани келтирилган. Бу ҳужжат оилага бериладиган зарар пулини тасдиқлаш учун қай даражада муҳимлигини аниқлаш лозим.

Мана шу жойда ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевнинг Каттақўрғон туманидаги 42-мактабнинг меҳнат таълими ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекееванинг Риштон ҳашарига ўхшаш ҳодиса оқибатида вафот этганида эълон қилинган хулосаларидан фойдаланамиз.                                

Иш берувчи қандай зарарларни тўлаши керак?

Меҳнат кодексининг 192-моддасига биноан ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари, сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

193-моддасида эса зарар миқдори кўрсатилган бўлиб, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва унинг вафоти муносабати билан зарарни ундиришга ҳақли бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга тўланадиган зарар миқдори марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида белгиланган. Демак, марҳумнинг фарзандлари 16 ёшга тўлгунча отасининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида зарар тўловини олиши керак.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 194-моддасига биноан ходимнинг вафоти муносабати билан иш берувчи марҳумнинг олти йиллик ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бирйўла бериладиган нафақа тўлаши ҳам керак бўлади. Масалан, бу миқдор ўртача 1 миллион сўм иш ҳақи оладиган ходим учун 72 миллион сўмни ташкил этади.

Етказилган зарарни тўлаш тартиби қандай?

Энг аввало Улуғбек Аҳмаджоновнинг ўлими ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ҳисобланадими ёки ҳисобланмайдими деган саволга жавоб топиш керак. Бунинг учун бахтсиз ҳодиса махсус текширувдан ўтказилиши лозим.

Бундай текширув Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилади.

Махсус текшириш вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси буйруғига асосан шакллантирилган комиссия томонидан ўтказилади.

Унга кўра комиссия раиси — вилоят давлат меҳнат техника назоратчиси, аъзолари — юқори турувчи хўжалик органи вакили, иш берувчи, жабрланувчининг асосий иш жойи касаба уюшмаси қўмитаси ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг вакили бўлади.

Махсус текшириш комиссияси 15 кун мобайнида бахтсиз ҳодисани текшириб чиқади, махсус текшириш далолатномасини тузади ҳамда кўзда тутилган бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради.

Комиссия аъзолари жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ташкил этадилар, зарур бўлса тегишли органларга таклифлар киритадилар ёки ижтимоий тусдаги ёрдам масалаларини жойида ҳал қиладилар, жабрланувчига ёки ўлганнинг оила аъзоларига уларнинг ҳуқуқларини тушунтирадилар.

Қўштепа туман ҳокими Новиков ахборот беришни хоҳламади    

Фарғона вилоятида “энг остонаси қаттиқ” идоралардан бири бу – Қўштепа тумани ҳокимлиги идорасидир. Туман ҳокимлиги маъмурий биноси 2 метрли панжара тўсиқ билан ўралган. Ҳокимият биносига кириш назорат ўтказиш пункти орқали. “Охрана”нинг кўзини шамғалат қилиб бино ичига қадам босдик. Бўлмади. Назоратчи йигит, кутиб туришимиз кераклигини, туман ҳокими ўринбосари чиқиб, “КПП”да қабул қилишини айтди. “Ҳозир чиқар экан”, деган гапдан сўнг бир ярим соат ўтса-да, ҳеч ким олдимизга келмади.

Туман ҳокими Илёс Новиковнинг мобил алоқа воситасига уландик. Ҳоким ўзини далада суғориш ишларида эканлиги айтиб, нима масалада келганимиз билан қизиқди. Мутасаддига Риштон ҳашаридан қайтаётиб, йўл ҳодисаси оқибатида оламдан ўтган ободонлаштириш ходими масаласи бўйича келганимизни айтдик. 

Ҳоким: “Йўқ ундай бўлмаган. Айтаман, сизга ҳозир ахборотини беришади. Узр, узоқдаман. Алоқа яхши эмас”, деб суҳбатни қисқа қилди. Ҳокимлик олдида яна бир ярим соат ахборот берадиган вакилни кутдик. Ҳеч ким келмади. Қоровул кимгадир телефон қилгач, бизни ичкарига қўйишди. Лекин, ҳокимлик биносида котибадан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Ҳайронмиз. Биз Қўштепа туман ҳокимлигидан марҳум Улуғбек Аҳмаджоновнинг хизмат вазифасини бажариш пайтида вафот этганлиги ҳодисаси бўйича, ҳокимлик ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари бош бошқармаси билан тузилган комиссия иши қай даражада кетаётганлигини суриштирмоқчи эдик.

Ҳоким Илёс Новиковнинг “Йўқ, бу воқеа ҳашарда бўлмаган!”, деган гапига кўра, ҳали ҳеч қандай комиссия иш бошлагани йўқ. Лекин, биз яхши гумондамиз.

Мақолани йўл-транспорт воқеаси содир бўлганидан 12 кун ўтиб ёзяпман. Бугун марҳумнинг акаси телефон қилиб, “Мухбир ука, янгилик борми?” деб сўради. Унинг айтишича, ҳеч қандай комиссия иш бошламабди.

Фарғона вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатларининг ишга жойлаштириш бўлими бошлиғи Асрорбек Саидов бу ҳодисадан бехабар эканлигини айтиб, изоҳни бошқарманинг инспекция бўлимидан олиш мумкинлигини айтди. Лекин, инспекция бўлими билан боғланиб бўлмади.    

Ҳокимлик шов-шув бўлишидан хавотирланиб, фалокат ҳашардан қайтишда бўлганини яширишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Барибир бу муаммо бир куни юзага чиқади.

Ўйлаймизки, махсус комиссия тузилади ва ишни холисона кўриб чиқади. Марҳумнинг яқинлари, аёли икки фарзандига миллионлар эмас, миллиард берсангиз ҳам ўксик қалбини тўлдира олмайсиз.

Қайтаётганимизда марҳумнинг қизалоғи Моҳларой дарвозадан мунгли қараб қолди...

Kun.uz бу мавзуга яна қайтади.  

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов,
тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид