Жамият | 18:56 / 12.08.2019
51574
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокими президент топшириғига бефарқ(ми?)

Бугунги кунда «снос» масаласи республикамиздаги энг долзарб мавзулардан бири бўлиб турибди. Бузилган турар жойлар ва тадбиркорлик объектлари учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан компенсация пули тўланмаётганлиги ва белгиланган тегишли тартибларга амал қилинмаётганлиги фуқаролар, тадбиркорларда норозилик кайфиятини уйғотмоқда.

Бундай норозиликлар Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида айниқса кескин норозилик келтириб чиқарди. Ҳаттоки масалага президент Ш.Мирзиёев аралашиб, вилоят ҳокимларига қаттиқ танбеҳ ҳам берди.

Бироқ президент тилга олмаган бошқа ҳудудларда ҳам «снос» можароси аввалгидек давом этмоқда ва масалага ҳуқуқий ечим топилмаяпти.

Хусусан, Конимех туманида тадбиркорларнинг дўконлари ва фуқароларнинг уйлари «Обод марказ» дастури амалга оширилиши туфайли бузилмоқда. Тадбиркорлар вилоят ва туман ҳокимликларидан компенсация пули талаб қилмоқда.

Бу ҳақида тадбиркорларнинг мурожаати асосида Kun.uz сайтида жорий йилнинг 17 июль куни «Конимех марказида объектлар бузилмоқда. Вилоят ҳокими тадбиркорларга зарарни тўлашдан бош тортмоқда» сарлавҳаси билан мақола эълон қилинган эди.

Биз билан суҳбатда тадбиркорлар туман марказидаги бозор, унинг атрофидаги дўконлари Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимлари буйруқлари билан бузилаётгани, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари очиқчасига поймол қилинаётгани, бузилаётган дўконлар эвазига компенсация пули берилмаётганидан шикоят қилишган эди.

Аммо Навоий вилояти ва Конимех тумани ҳокимликлари бу борада жиддий чораларни кўрмаяпти. Мулклари бузилаётган тадбиркорлар нима қилишни билмай боши қотган. Улар ҳар куни ёрдам сўраб таҳририятимизга мурожаат қилишмоқда.

Тадбиркорлар туман маркази обод бўлишига умуман қарши эмас, фақат ўзларига етказилган зарар қопланишини исташмоқда.

Бироқ, ҳақиқат шуки, Навоий вилояти ва Конимех туман ҳокимлиги фуқароларнинг конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларини очиқчасига поймол қилишда давом этмоқда. Гўёки амалдаги қонунлари президентимизнинг жорий йил 2 август куни бўлиб ўтган видеоселекторда айтган гаплари Навоий вилоятига тааллуқли эмасдек...

Таъкидлаш жоизки, айни вақтда мулк эгаларининг норозилиги кучайиб бормоқда. Таҳририятга йўлланаётган мурожаатлардан бу яққол кўриниб турибди. Шу боис ҳам бу мавзуга яна қайтдик.

Навоий вилояти ҳокимлиги эса бу масалада сукут сақлаётганлиги эса бошқа вилоятлардаги «снос» можаролари оқибатидан, президент танқидидан етарлича хулоса қилмаганлигини кўрсатиб турибди. 

Умид қиламизки, Конимехдаги ушбу вазиятга вилоят раҳбарлари жиддий эътибор қаратиб, мулкдорлар билан учрашиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўришади.

Ҳолбуки, бош қомусимизда белгилаб қўйилганидек, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид