Ўзбекистон | 18:25 / 13.08.2019
4339
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Гемодиализ бўйича ҳар бир беморга биттадан диализатор даражасига етамиз

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Бугун, 13 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинг ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тиббиёт соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов ва Ли Донг Уклар иштирок этдилар.

Президентнинг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 10 майдаги “Давлат хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунига кўра соғлиқни сақлаш соҳасида ДХШ лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш каби шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

— Бу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлаш кўзда тутилган, — деди соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Камолхўжа Эшназаров. — Унга кўра, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тижорат банклари томонидан 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлган имтиёзли кредитлар ажратилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Kun.uz мухбирининг “тиббиётнинг қайси соҳаларида ДХШ лойиҳалари кўпроқ ривожланмоқда?” деган саволига К. Эшназаров шундай жавоб берди:

– Устувор йўналишларни танлаб олишда биз бир неча мезонларга эътибор берганмиз. Ўлим кўрсаткичи юқори, молиявий харажатлари катта, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликларга қарши курашда бу тизимни кўпроқ қўллашимиз керак.

Масалан, гемодиализ билан таъминлаш жуда оғриқли муаммо бўлган. Ўзбекистонда бундай муолажага муҳтож беморларнинг ўртача умри 5 йилга етмаган, ҳолбуки ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 10 йилдан ортиқни ташкил этади.

Мавзу юзасидан қўшимча қиларкан, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Низомов шундай деди:

– Тан олишимиз керак, гемодиализ билан таъминлашда жуда мураккаб ҳолатга тушиб қолгандик. Хурсандчилик билан айтаманки, айнан мана шу соҳага тўрт баробар кўп маблағ ажратилди. Ҳозир яна бир қанча ускуналаримиз етиб келиш арафасида. Ҳаракатимиз ҳар бир беморга бир диализатор даражасига чиқиб олиш.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид