Ўзбекистон | 17:48 / 14.08.2019
80721
2 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors компанияси мижозларга огоҳлантириш билан чиқди

UzAuto Motors АЖ автомобиль харид қилиш жараёнида коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида мижозларга мурожаат билан чиқди. Унда, маълум бир моделдаги автомобиллар учун шартномалар йўқлиги, ёхуд қўшимча пул талаб қилиш ҳолатларига дуч келган харидорлар компаниянинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги таъкидланган. 

«Расмий дилерларда UzAuto Motors компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг барча ранг ва тўпламларига шартномалар мавжудлигини маълум қиламиз. Агар сиз автомобиль хариди жараёнида у ёки бу моделдаги автомобиль учун шартнома йўқлиги, етказиб бериш муддатининг узоқлиги каби важлар билан қўшимча пул маблағларини талаб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз, UzAuto Motors команиясининг ишонч телефонларига 78 141-77-77 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз», - дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, компания янги автомобиллар савдосида товламачилик ва бошқа коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш, автомобиллар савдосида шаффофликни таъминлаш мақсадида «Uzavtosavdo» мобил иловасини ишга туширган. Агарда иловада зарур автомобиль йўқ бўлса, буюртма тўғридан-тўғри автомобиль заводига юборилади. Мазкур илова орқали харидор ўзи истаган автомобилнинг ранги ва русумини танлаб унга шартнома олиши мумкин. 

«Uzavtosavdo» иловаси харидорга барча жараёнларни бошиданоқ назорат қилиш, ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб бориш имконини беради. 

Мавзуга оид