Ўзбекистон | 18:20 / 15.08.2019
46339
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқ шаҳрига янги ҳоким тайинланди

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари 39-сессияси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси масъул ходими Шуҳрат Мирходиев, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов иштирокида ўтган сессияда шаҳарнинг янги ҳокими сайланди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беришича, Усмон Исмоилович Раҳимов номзоди Олмалиқ шаҳри ҳокими лавозимига тавсия қилинди ва унинг номзоди бир овоздан тасдиқланди.

Фото: «Олмалиқ ҳаёти»

Усмон Раҳимов 2018 йилнинг январигача Тошкент вилояти ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари бўлган, 2018 йилнинг 5 январидан буён Тошкент вилоятининг маъмурий маркази бўлмиш Нурафшон (собиқ Тўйтепа) шаҳрига ҳокимлик қилиб келаётганди.

Олмалиқ шаҳрининг аввалги ҳокими Ўктамжон Каримов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июлдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари этиб тайинланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Олмалиқ шаҳри Ангрен, Бекобод, Чирчиқ, Ширин ва Зарафшон шаҳарлари қаторида республика бўйсунувидаги шаҳар бўлганди.

Мавзуга оид