Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қорақалпоғистон Республикасида янги Бўзатов тумани ташкил этилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида депутатлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси таркибида Бўзатов туманини тузиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди. Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар беришича, депутатлар томонидан «Қорақалпоғистон Республикаси таркибида Бўзатов туманини тузиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган.
«Халқ вакиллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қарорини кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Кегейли тумани «Қусқанатов», «Еркиндарья», «Аспантай» овулларининг, «Бўзатов» шаҳарчасининг ҳамда Чимбой тумани «Кўк-сув» овулининг ҳудудларини бирлаштириб, Бўзатов туманини тузишга розилик бериш тўғрисидаги қарорни қабул қилдилар», дейилади хабарда.
Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатига юборилди.
Маълумот учун, чорвачиликка ихтисослаштирилиши кутилаётган Бўзатов тумани илк бор 1979 йилда ташкил топган ва 1988 йилда тугатилиб, 1990 йилда яна туман сифатида тузилган. Сўнг 2004 йилда Кегейли тумани таркибига қўшиб юборилган.