Ўзбекистон | 10:05 / 27.08.2019
4913
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар учун замонавий ўқув курслари ташкил қилинади

Фото: Shutterstock

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун замонавий ўқув курсларини ташкил қилиш ва ўтказишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сонли Фармонига мувофиқ Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси юритувига берилган.

Марказ Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур кўчаси, 6-уй манзилидаги маъмурий биносининг бир қисмига белгиланган тартибда ижара шартномаси асосида жойлаштирилади.

Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Марказнинг жорий штатидаги ходимларига иш ҳақи учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5630-сонли Фармонига мувофиқ Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг Палатага тушадиган мақсадли равишда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлари;

Марказга давлат ва нодавлат ташкилотлари учун мақсадли ўқитишни ташкил қилиш бўйича шартномалар асосида қўшимча жалб қилинадиган маблағлари; 

халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг грант маблағлари;

манфаатдор ташкилотларнинг хомийлик маблағлари; 

хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари.

Қуйидагилар Палатага тавсия этилди:

Марказнинг ҳудудий филиаллари Палатанинг ҳудудий бўлинмаларининг биноларига жойлаштириш;

ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Марказ фаолияти ҳамда ўқув курслари тингловчилари учун зарур бўлган ўқув материаллар ва тарқатма материалларни қайта инвентаризациядан ўтказиш ҳамда зарурат бўлганда, янги ўқув материалларини ишлаб чиқиш.

Белгилаб қўйилишича:

Палата юритувига ўтиши жараёнида балансдан балансга бериладиган Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиалларининг мол-мулклари даромад солиғи объекти ҳисобланмайди;

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курсларини ташкил этиш учун эгалланадиган ва фойдаланиладиган давлат мулки бўлган бино ва хоналарнинг майдонларига ҳамда олий ва ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари аудиторияларидан таълим жараёнидан бўш вақтларида фойдаланилади.

Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқаролар учун ташкил этиладиган бепул ўқув курсларига вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг мутахассисларини ўқитувчи сифатида жалб этиш тегишли вазирликлар, идоралар ва давлат ташкилотлари ҳамда Марказ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ мутахассисларни юборган вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ҳамда Марказ томонидан ҳақиқатда ўтказилган ўқув соатлари сонини тасдиқловчи маълумотларга кўра амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид