Жамият | 17:10 / 27.08.2019
16936
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби янги бинода иш бошлади

Тошкент шаҳар янги бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров янги бинода фаолият бошлади. ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати хабар беришича, вакиллик «Сузук ота» мажмуасида фаолиятини давом эттиради.

Шу муносабат билан 27 август куни «Сузук ота» мажмуасида ЎМИ раиси ўринбосари, бўлим бошлиқлари ҳамда вакиллик ходимлари, нуроний отахонлар ва бошқа меҳмонлар иштирокида маросим бўлиб ўтди. Унда анъанага мувофиқ қурбонлик қилиниб, Қуръони Карим оятлари тиловат қилинди.

«Маълумки, ушбу мажмуа Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилиб, рамазон ойида фойдаланишга топширилган эди. «Сузук ота» масжиди тарихий масканлардан бири бўлиб, ўтмиши бевосита Амир Темурга бориб тақалади. Вакиллик биносининг айни шу мажмуадан ўрин олиши қувонарли ва, иншааллоҳ, хайрлидир», дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарда «Сузук ота» мажмуаси шаҳар марказида жойлашгани ва вакиллик биносининг мазкур жойда иш бошлаши мақсадга мувофиқ экани таъкидланган. 

Тошкент шаҳрига янги тайинланган бош имом-хатиб Нуриддин домла Холиқназаров бугундан ўз вазифасини бажаришга айни шу масканда киришган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид