Сенатор Содиқжон Турдиев шифохонага ётган, Жалақудуқ туманига янги раҳбар тайинланди
Оммавий ахборот воситаларида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ҳокими Содиқжон Турдиев саломатлиги туфайли ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда «Андижоннома» газетаси сайти ҳам маълумот берган.
Унда айтилишича, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган аппарат йиғилишида Содиқжон Турдиев даволанишга ётгани, унинг ўрнига Зокиржон Давронов туман ҳокими вазифасини бажарувчи бўлгани маълум қилинган.
«Сўнгги пайтларда Содиқжон ака кўп касал бўлмоқда. Бир неча ойдан буён вазифасидан озод этишни илтимос қилиб келарди. Саломатлиги кўтармагани боис илтимосини қабул қилдик. Ўрнига туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зокиржон Қобулович Давроновни вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинладик», дея ҳокимнинг сўзлари келтирилган хабарда.
Kun.uz хабарга ойдинлик киритиш учун Зокиржон Давронов билан боғланди.
«Айни пайтда Содиқжон Турдиев касалхонада даволанмоқда. У кишининг ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзгани ҳақида маълумотга эга эмасман. Даволангач, соғайиб ўз ишига қайтиш-қайтмаслигини эса вақт кўрсатади. Менга туман ҳокими вазифасини вақтинчалик бажариб туриш вазифаси юклатилган», дейди у.
Зокиржон Давронов 1968 йилда Жалақудуқ туманида туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи, молиячи. 1997 йилда Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институти ҳамда 1999 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган. Турли йилларда Жалақудуқ, Избоскан туманлари, Қорасув шаҳар солиқ инспекцияси, Андижон шаҳар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Қўрғонтепа тумани ғазна бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2017 йилдан буён Жалақудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.
Маълумот учун, Содиқжон Турдиев 2010—2013 йилларда Халқ депутатлари Асака туман кенгаши депутати бўлган. 2012 йилга қадар «Асака жилоси» фермер хўжалигига раҳбарлик қилган. 2012 йил ноябрида Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раислигига сайланган. У 2013 йил декабрида ЎзЛиДеП етакчилигига сайланган, 2015 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари бўлганди. 2018 йилнинг августида эса партия лидерлигини тарк этиб, Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.
Содиқжон Турдиев Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзоси ҳисобланади.
Мавзуга оид
14:01 / 13.10.2024
“Кўп нарса ҳокимларнинг савиясига боғлиқ” — ватанга қайтган инвестор қандай тўсиқларга учради?
19:17 / 30.09.2024
Бунақада соҳада ким қолади? Янгибозор ҳокими мисолида деҳқонларга муносабат
16:56 / 25.09.2024
Баҳодир Ғойибназаров ҳокимликка қайтди
18:30 / 20.09.2024