АҚШ ҳарбийлари Эрон учун муҳим бўлган маълумотлар базасини йўқ қилишди – ОАВ
АҚШ қуролли кучлари қиберқўмондонлиги Эрон компьютер тизимларига июнда амалга оширган ҳужуми вақтида Теҳрон учун муҳим бўлган маълумотлар базасини йўқ қилди. Бу ҳақда The New York Times нашридаги мақолада маълум қилинган.
Таъкидланишича, ушбу базада разведка маълумотлари йиғилган бўлиб, у Ислом инқилоби соқчилари корпусига Форс кўрфазидан ўтувчи танкерларга ҳужум қилиш, жумладан “қайси танкерга қаерда ҳужум қилишни танлаш” учун керак бўлган. Мақолада маълум қилинишича, америкалик ҳарбийлар Эронга қарашли баъзи алоқа ва компьютер тармоқларига ҳам шикаст етказган.
АҚШ ҳарбийлари киберҳужумни муваффақиятли деб баҳолашган. Мақолада 20 июндан кейин кўрсатилган ҳудудда танкерларга бошқа ҳужумлар бўлмаганига эътибор қаратилган. Манбаларнинг фикрича, Эрон йўқотилган маълумотни ҳамда бир қатор алоқа тизимлари ишини ҳали тиклашга муваффақ бўлмаган.
Бироқ баъзи расмий шахслар фикрича, Эрон тизимларига киберҳужумни амалга ошириш керак эмасди. Уларнинг таъкидлашича, бу ҳужум оқибатида Ислом инқилоби соқчилари корпуси АҚШ киберқўмондонлиги қандай имкониятларга эгалиги ҳақида муҳим маълумотларни қўлга киритган бўлиши ва кейинги сафар бу усулларнинг қўлланиши самара бермаслиги мумкин. Бундан ташқари, ҳужум ҳақидаги маълумот Россия, Хитой ва Шимолий Кореяга берилиб, бу давлатлар уни ўз компьютер тизимларини яхшилаш учун қўллаши мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.
Нашр манбаларининг таъкидлашича, Эрон АҚШга қарши мунтазам хакерлик ҳужумларини амалга ошириб келади, бироқ юқоридаги ҳужум уларнинг жадаллиги ошишига олиб келмаган.
Эрон атрофидаги вазият 13 июнда Ҳурмуз бўғозида иккита нефть танкерига ҳужумдан кейин уларда портлаш ва ёнғинлар юз берганидан сўнг таранглашган. АҚШ ушбу воқеа учун жавобгарликни Эрон зиммасига юклаган. Бироқ Теҳрон бу айбловларни рад этган.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
13:52 / 22.11.2024