Ўзбекистон | 08:11 / 29.08.2019
37938
3 дақиқада ўқилади

Баҳодир Йўлдошев «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ҳужжатга кўра, “Дийдор” театр-студияси бадиий раҳбари Баҳодир Йўлдошев “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.

Фармонда қайд этилишича, Баҳодир Йўлдошев халқимизнинг илмий-интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтириш, маданият, санъат соҳаларини ривожлантиришдаги хизматлари, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш ишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда жамоатчилик ишларидаги кўп йиллик самарали иштироки учун мукофотланди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Халқ артисти, театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. У 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 1971—1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974—1984 йилларда бош режиссёр бўлиб ишлаган. Ўзбек театрига янгиликлар киритиш, уни янада юксалтириш нияти билан иш бошлаган Баҳодир Йўлдошев Уйғуннинг "Абу Али ибн Сино", "Беруний", "Зебуннисо", Саид Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асарларини саҳнага қўйиб, маданий жамоатчилик назарига тушган. 

Баҳодир Йўлдошев 1984 йилдан бошлаб Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек Давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолиятини давом эттирган. Бу театрда у "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Паранжи сирлари", "Қора камар", "Зиёфат", "Искандар", "Фиридун", "Нодирабегим", "Ипак йўли" каби асарларни саҳналаштирган. Бу спектакллар матбуотда ижобий баҳоланиб, уларнинг кўпчилиги Халқаро ва Ўзбекистон театр фестивалларининг мукофотлари билан тақдирланган. 

Баҳодир Йўлдошев мустақиллик йилларида "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва Наврўз байрамларига бағишланган тадбирларнинг бош режиссёри сифатида маданий жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда.

Мавзуга оид