Спорт | 20:31 / 31.08.2019
16132
2 дақиқада ўқилади

Дзюдо — жаҳон чемпионати. Мутлақ вазнда чемпион янгиланди

Дзюдо бўйича жаҳон чемпионати сўнгги кунида мутлақ вазн спортчилари — эркаклар +100, қизлар +78 кгда татамига тушди.

Чехиялик Лукас Крпалик эркаклар ўртасида 100 кгдан оғир дзюдочилар беллашувида ғолиб бўлди. У финалда дзюдо ватани вакили Ҳисаёши Ҳарасавани огоҳлантиришлар (ҳансоке) ҳисобига мағлуб этди. Учинчи ўринни голландиялик Рой Мейер ва Ж.Кореялик Ким Минжонг қўлга киритди.

 

Ушбу вазнда Ж.Кореялик Ким Минжонг янги ном сифатида турнир кашфиёти бўлди. Энди 18 ёшни қаршилаган Ким бронза учун курашда бразилиялик тажрибали дзюдочи Рафаэл Силвадан устун келди.

Амалдаги чемпион Тушишвили Гурам бешинчи ўрин билан кифояланди. У яримфиналда Ҳарасавага, учинчи ўрин учун курашда Рой Мейерга ютқазди. Бу вазнда мусобақада қатнашган ўзбекистонлик Бекмурод Олтибоев иккинчи даврада баҳсларга қўшилди ва шу раунддаёқ мағлуб бўлди.

Қизлар ўртасида +78 кгда япониялик Соне Акира барча рақибаларини енгиб жаҳон чемпиони бўлди. У финалда кубалик Ортиз Идалйсдан устун келди. Учинчи ўрин туркиялик Кайра Сайит ва яна бир япониялик Асаҳина Сараҳларга насиб этди.

Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Япония биринчи ўринни эгаллаган. Мезбонлар 4 та олтин, 6 та кумуш, 5 та бронза медалини қўлга киритишди. Иккинчи ўринга Франция эга чиққан, улар ҳисобида 3 та олтин, 2 та бронза медали мавжуд. Кучли учликни битта олтин, битта кумуш билан Португалия эгаллаган. Ўзбекистон дзюдочилари битта кумуш медал билан 13-ўринни ишғол этди.

Шу билан бир ҳафта давомида дзюдо ихлосмандлари эътиборида бўлган жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Дзюдо бўйича кейинги нуфузли мусобақа — Тошкент Гран-при турнири 20-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

 

Мавзуга оид