Light | 18:20 / 03.09.2019
21366
3 дақиқада ўқилади

Польша, Гданьск. Кўҳна ва яқин 80 йиллик тарих...

Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси таклифи билан бир гуруҳ журналистлар Кўҳна Қитъанинг бу давлатига махсус сафар – медиатур уюштирдилар. Иккинчи Жаҳон уруши бошланганининг 80 йиллигига бағишлаб ўтказилган қатор тадбирларда дунёнинг турли бурчакларидан меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар сафида бўлган Kun.uz сайти вакили умуман Польша сафари хотиралари, дастлаб тарихий Гданьск шаҳри ҳақидаги таассуротлари билан бўлишмоқ ниятида.

Бой тарих

Гданьск (Данциг) шаҳри ҳақидаги дастлабки маълумотлар узоқ 997 йилга бориб тақалади. Кўҳна тарихи давомида бу шаҳар бир неча давлатлар, қиролликлар тасарруфида кирган, ҳатто маълум муддат алоҳида ва мустақил шаҳар мақомида ҳам бўлган.

Тарих бу шаҳарнинг ҳар бир биносида, ҳамма кўчаларида ва оддий йўлакларида ҳам акс этиб туради. Айнан мана шу шаҳарда инсоният тарихидаги энг оғриқли даври – Иккинчи Жаҳон уруши бошланган.

Ноёб меъморчилик

Бу шаҳар азалдан савдо нуқталаридан бири, маданий марказ бўлиб келган. Ҳар бир иншоот, турар-жойларидан тортиб маданий-маиший биноларгача ўзига хос ва такрорланмас. Лекин минг афсуски Иккинчи Жаҳон уруши бомбардимонларида шаҳар буткул вайрон қилинади, марказий қисми куйиб култепага айланади. Етти асрдан ортиқ қурилган бири-биридан чиройли бинолар уч кун давомида узлуксиз аланга ичида қолади.

Уруш якунланганидан сўнг бу иншоотлар қайта тикланади. Аммо бугун Гданьскка ташриф буюрган меҳмон бу бинолар ХХ асрда қурилганини пайқамайди ҳам. Чунки ҳар бурчакдан бой тарих уфуриб туради.

Денгиз, дарёлар ва балиқли хуштаъм таомлар

Гданьскнинг марказий кўчаси бўлган Длуги Тарг бўйлаб юриш Мотлава дарёсига олиб чиқади. Бу ерда қайиқлар билан дарёда сайр қилиш, ёки соҳил бўйидаги айвонли ресторанларда денгиз маҳсулотларидан татиб кўриш мумкин. Кўпчилик ошхоналарда балиқларни мижознинг кўз ўнгида қовуриб беришади.

Гданьск аҳолиси хушчақчақ, меҳмондўст ва ҳаддан ортиқ тўғрисўздирлар. Улар ҳар бир сайёҳга ёрдам қўлини чўзишга шай туришади.

Мавзуга оид