Жамият | 11:50 / 17.09.2019
146794
4 дақиқада ўқилади

«Ўқитувчи мактабда ўқувчини урди»: Ким қандай фикрда?

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқитувчиси ўқувчига қўл кўтаргани тасвирланган видео тарқалди. Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, ушбу воқеа Ургут туманидаги 27-умумтаълим мактабида содир бўлган.

Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири мазкур мактабда бўлди. Туман ҳокимлиги, вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман халқ таълими бўлими раҳбарлари, тумандаги жамоат ташкилотлари раҳбарларини шу ерда учратдик.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йилнинг 13 сентябрь куни соат 16:25лар атрофида, 7-«В» синфида математика дарси вақтида бўлиб ўтган.

Ўқувчи Ж.М. дарсга эътибор қаратмай, синфдошлари билан шўхлик қилган ҳамда ўқитувчига гап қайтарган. Ўқитувчи бу вазиятда дарс ўта олмагач уни ўқитувчилар хонасига олиб боришга қарор қилган. Аммо ўқувчи бунга кўнмагач, уни урган.

Ана шу ҳолат тасвирланган видео тарқалгач, бир қатор ташкилотлар вакилларидан иборат, вилоят халқ таълими бошқармаси бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганишни бошлаган.

Вилоят ва туман халқ таълими тизими раҳбарлари бу ишни кескин қораламоқда. Маҳалла фаоллари ва ўқувчининг онаси эса ўқитувчини жазолаш тарафдори эмас.

«Қизим ўқитувчиси уни ургани ҳақда менга айтмаган ҳам эди. Ҳамма ҳам ёшликда устозидан танбеҳ олган бўлса керак. Тарбия топсин деб ургандир, ўқитувчи ва мактабга мен даъво қилмоқчи эмасман. Муҳими, қизим мактабда яхши билим олмоқда», дейди ўқувчининг онаси З.П.

Воқеа юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг фикрига қизиқдик.

«Нима учун ўқитувчини психолог ҳам деймиз? Ҳар қанча асабий ҳолат бўлмасин у вазмин бўлиши, ўқувчига қўл кўтармаслиги керак. Агар биз бугунги воқеани эътиборсиз қолдирсак, эртага у яна бошқачароқ, оғирроқ кўринишда такрорланиши мумкин. Биз ўқитувчига ҳам, шу ҳолат юзага келган мактаб раҳбариятига ҳам чора кўришимиз шарт ва шундай қиламиз. Бу масала кенг муҳокама қилинади. Вилоятда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқамиз», — деди Самарқанд вилоят ХТБ бошлиғи Саидаҳмад Усмонов.

Ўқувчига қўл кўтарган ўқитувчи юқори руҳий босим бўлгани ва шифокорлар унга тиббий ёрдам кўрсатаётгани сабабли у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Видеотасвир қандай қилиб тарқалиб кетди?

Суриштирув давомида ўқувчининг онаси фарзанди билан боғлиқ ҳолат тарқалиб кетишидан қаттиқ норозилик билдирди. Видеотасвирлар қандай тарқалиб кетгани билан қизиқдик. 

Маълум бўлишича, тумандаги хусусий корхоналардан бири шартнома асосида мактабга кузатув камералари ўрнатган. Камераларнинг созлигини текшираётган корхона ходимлари юқоридаги воқеа тасвирланган қайдларни кўриб қолиб телефонга кўчириб олишган ва мактаб компьютеридаги базадан ўчиришган.

Шундан сўнг, улар телефонидаги видеоёзувларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборишган. Туман халқ таълими бўлими вакилларининг маълум қилишича, корхона ходимлари ва мактаб маъмурияти ўртасида бажарилган ишнинг тўлови борасидаги келишмовчилик ана шу видео тарқалишига сабаб бўлган. Яъни корхона ходимлари ўзлари айтган маблағни олмагач, видеони тарқатиб юборишган.

Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов мазкур воқеани эшитгач, зудлик билан масалани ўрганиб чиқишга киришганини маълум қилди.

«Ўқитувчи ёки директорни ишдан бўшатиб юбориш осон. Аммо, аввало масалани чуқурроқ ўрганиб чиқишимиз шарт», —дейди Қўқонда хизмат сафарида бўлиб турган Р.Қобилов Kun.uz мухбирига.

Мавзуга оид