Жамият | 12:19 / 18.09.2019
18228
9 дақиқада ўқилади

«Молочная кухня» бўйича муҳокамалар ҳамон давом этмоқда

Тошкент шаҳрининг деярли марказида ўз бизнесини йўлга қўйган ва бир неча йиллар мобайнида турли тўсқинликларга учраб келаётган «Молочная кухня» муаммолари ҳақида Kun.uz сайтида аввал ҳам бир неча марта ёзилганди. Афсуски, ҳозирча воқеалар ривожи тадбиркор фойдасига қарама–қарши ривожланиб, «Молочная кухня» фойдаланиб турган ер майдони олиб қўйилиши томон яқинлашмоқда.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни «Молочная кухня» Ўзбекистондаги қатор нашрлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказиб, ўзи дуч келган муаммо юзасидан баёнот берди. Бундай йўл тутишга қарор қилган тадбиркор сўнгги имкониятлардан бирини қўллаётгани эҳтимолини рад этмади. Уларнинг бу ҳаракатлари давлат обрўси ёхуд президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга путур етказиш деб баҳоланмаслик кераклигига урғу берилди.

Шуҳрат Қаюмов - Diyor Biznes компанияси раҳбари

«Биз юқори давлат лавозимларини эгаллаб, Президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотларга ишончсизлик пайдо қилаётган айрим мулозимлар гуруҳининг кирдикорлари туфайли мамлакатимиз ҳақида салбий фикр пайдо бўлишини хоҳламаймиз. Анжуманни ташкил этишдан мақсад – Президентнинг иқтисодий сиёсатига зимдан қаршилик кўрсатаётганларни фош этишдир. Айнан улар олиб борилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилишмоқда, мамлакатимиз обрўсини туширмоқда ва унинг имижига зарар етказмоқда», - деди Шуҳрат Қаюмов баёноти аввалида.

Шуҳрат Қаюмов

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлик субъекти ўзи дуч келган муаммони юқори раҳбарият эътиборига етказишнинг қонунда белгиланган барча чораларини қўллаб бўлган. У томонидан ўнлаб мактублар, мурожаатлар ва аризалар берилган. Бироқ, хатлар ушбу мулозимлар гуруҳига юборилган ё бўлмаса шунчаки эътиборсиз қолдириляпти.

Kun.uz сайти мазкур муаммони батафсил ёритгани сабабли тадбиркор баёнотининг муҳим қисмларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Мазкур фирма 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, 2012 йили бугунги «Молочная кухня» ўрни бошқа бир тадбиркорлик субъектидан сотиб олинган. 2014 йилда эса муаммолар бошланган.

«2014 йили корхонамиз рейдерликка учради. Давлат мулки қўмитаси «обрўли ва қўли узун мулозим» буйруғи билан судга пухта ўйланган даъво аризаси киритди. Унда «Вакцина» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг мулки хусусийлаштирилгани ноқонуний бўлгани боис ушбу бирлашма иншоотлари билан бўлган барча битимларни ҳақиқий эмас, деб топиш талаб этилган эди. Бу бирлашманинг бино ва иншоотлари хусусийлаштирилганидан 21 йил ўтганидан сўнг талаб қилинмоқда эди. Эътибор қилинг, 21 йил ўтгач!», - дейди Шуҳрат Қаюмов.

Келинг, баёнотнинг шу жойида бир масалага ойдинлик киритиб кетсак. Яъни амалдаги қонунчилик меъёрларига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш натижаси қайта кўриб чиқилиши мумкинми? Бу борада Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунига назар ташлаймиз. Ушбу қонуннинг 24-моддасига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.

Қаюмовнинг сўзларига кўра, 2017 йил бошида Давлат рақобат қўмитаси томонидан фуқаролик иши қайта бошланган. Қўмита хусусийлаштириш натижасини ҳақиқий эмас, деб топишни ва кўчмас мулкни бу вақтга келиб тугатилган «Вакцина» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасига қайтаришни талаб қилади. Шундай қилиб, Мирзо Улуғбек тумани суди 2017 йил 8 июнда мазкур фуқаролик ишини кўриб чиқиб, даъво аризасини қаноатлантирган. Шу билан 1993-95 йилларда хусусийлаштирилган бино-иншоотлар билан боғлиқ барча битимлар ҳақиқий эмас, деб топилган. Апелляция инстанцияси суд қарорини ўз кучида қолдиргач, Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 9 апрелда №281-қарорини қабул қилган.

«Ушбу қарорга мувофиқ, собиқ «Вакцина»нинг барча ҳудуди ва мулки (шу жумладан бизнинг ҳудудимиз ва кўчмас мулкимиз) Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлигига берилади. Вазирлар Маҳкамаси ўзининг ушбу «ёпиқ» қарорида суднинг 2017 йил 8 июндаги қарорига асосланган. Шундан келиб чиқилса, суд «буюртма» орқали қарор қабул қилган, деб ўйлаш мумкин. Вазирлар Маҳкамаси қарорининг яна бир кулгили томони ҳам борки, унда ўз мулкимиз бизга ижарага таклиф этилган. Бунинг учун биз 7 млн. доллар миқдорида инвестиция мажбуриятини бажариб, 1,6 гектарлик майдонда қўшимча завод қуришимиз талаб этилган. Шундан сўнггина, 10 йилдан кейин бизга мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини олиш имкони тақдим этилар эди», - дея таъкидлади тадбиркор.

Мулкдор умидсизликка ва тушкунликка тушмаган ҳолда ўз манфаатларини Олий судда ҳимоя қилишда давом этган ва бу ўзини оқлаган дейиш мумкин. Чунки, Олий суд 2018 йил 1 августда барча қабул қилинган суд қарорларини бекор қилган.

Шу ерда, яна бир мантиқсизлик вужудга келгани Ергеодезкадастр билан боғлиқ ҳужжатларда аниқланган. Яъни, Юнусобод туман Ергеодезкадастр корхонаси Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида «Молочная кухня»га тегишли ҳужжатларни бекор қилишга улгурган. Қизиғи шундаки, тадбиркорга тегишли мазкур бино банкдан олинган кредит учун ўша вақтда ҳам, ҳозир ҳам гаров таъминоти сифатида турибди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, кўзланган мақсад амалга ошмагач, «ёғли» ҳудудни эгаллашни хоҳлаётганлар Республика давлат санитария-эпидемиология назорати хизматидан фойдаланган.

Мавзуга доир:

«СЭС» ходимлари «Молочная кухня» фаолиятини тўхтатишмоқчи. Тадбиркорнинг тинчини бузиш кимга керак бўлиб қолди?

«Биз сиздан кўмак сўрамаймиз». Бизнес-Омбудсменга ишончсизлик билдирилди

“Молочная кухня” иши бўйича суд давом этмоқда

«Молочная кухня» текширувига «номи ошкор этилмаётган ташкилот» аралашган — Суд ишидан репортаж

«Молочная кухня» иши: корхона ери кимники эди? Суд иши давом этмоқда

«Молочная кухня» судда ютқазди. Ер кимники бўлади?

«Бунда асоссиз равишда текшириш учун рухсат олишда «Бизнес-Омбудсмен» институти ҳам муҳим рол ўйнаган. Ташкилот раҳбарининг ўринбосари ваколати бўлмаса-да, РДСЭНнинг ушбу корхонада текширув ўтказишига рухсат берган. Шу билан «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи вакили тўғрисида»ги 2017 йил 29 августдаги қонун талаби бузилган. Текширув жиддий қоидабузарликларни аниқлай олмади ва шу боис бир неча камчиликларни «ўйлаб топишди». Жумладан, уларга кўра, «цехга кириш қоидасига риоя қилинмаган», «маҳсулотлар тайёрлаш кетма-кетлиги бузилган», «ювиниш хонаси йўқ», «кийим алмаштириш хонасига кириш ишлаб чиқариш цехи орқали ўтади», «кийим ювиш ва қуритиш жойи жиҳозланмаган»и таъкидланди. Бироқ, биз текширувчилар келганидаёқ ҳар қандай хулосасига раддия беришимизни айтганмиз. Чунки, улар топган камчиликлар мавжуд бўлганида ўзлари бир неча йил аввал ишлаб чиқаришга рухсат беришмаган бўларди. Қолаверса, тузатиш учун камчиликлар рўйхатини талаб қиляпмиз, аммо тақдим этишмаяпти», - дейди Қаюмов.

Тадбиркорнинг алоҳида таъкидлашича, ДСЭН корхонани ёпиш учун жиддий қоидабузарликлар топа олмагани боис, янги бир «баҳона» топган. Гўёки, корхона яқинида қорамол қабристони борлиги аниқланган. Аммо, эътиборли ва шубҳа уйғотадиган томони ташкилот бундай хавфли «иншоот» мавжудлигини ошкор этилиши мумкин бўлмаган «махфий» мактубдан билишган. Бироқ, Kun.uz ўрганишларида маълум бўлишича, Ергеодезкадастр томонидан тақдим этилган ҳужжатларда қорамол қабристони борлигига доир бирорта қайд мавжуд эмас.

«Айтайлик, шундай «хавфли иншоот» бор. Унда нима учун бу маълумот ошкор этилмаяпти? Ахир бу бино нафақат ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шу яқин атрофда ишлаётган, яшаётганларнинг барчасига таҳдид солмоқда-ку? Яна бир гап. Вазирлар Маҳкамасининг №652-ф сонли фармойиши билан қорамоллар қабристони бўлган ҳудуд Беларуснинг «БЕЛФАРМ» корхонасига дори-дармонлар ва антибиотиклар ишлаб чиқариш, уларни сақлаш иншоотлари учун айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи билан тақдим этилган. Ахир, мантиқ қани?! Сутни қайта ишлаш мумкин бўлмаган жойда дори-дармон ишлаб чиқариш, сақлаш мумкин бўлса?!» - деди тадбиркор.

Қаюмовнинг таъкидлашича, бугунги кунда 19 сотихлик майдонда жойлашган корхонада 100га яқин ишчи ишлайди, жорий йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида корхона 2,143 млрд сўм солиқ тўлаган. Хайрия мақсадлари учун йўналтирилган маблағлари 3 млрд сўмдан ошган. Тадбиркор адолат тикланиши ва унинг тадбиркорлик фаолиятига нисбатан давом этаётган «хуруж»лар барҳам топишига ишонмоқда.

Мавзуга оид