Ўзбекистон | 16:12 / 20.09.2019
41858
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Қаҳрамон она» ордени қайта таъсис этилиши мумкин

Собиқ Иттифоқ даврида кўп фарзанд дунёга келтирган аёлларга берилган «Қаҳрамон она» ордени Ўзбекистонда қайтадан жорий этилиши мумкин.

Бугун, 20 сентябрь куни парламент қўмитаси қабул қилган қарор асосида мазкур масала юзасидан аҳолининг фикри ўрганилади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси бу борада «Оила» илмий-амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, «Ижтимоий фикр» маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашига топшириқ берди.

Унга кўра, санаб ўтилган ташкилотлар 2 ой муддатда мазкур масала бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб чиқишлари лозим. Жараёнга нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳам жалб этилади.

Қарорга асосан, «Қаҳрамон она» ордени давлат ва жамият ҳаётида фидокорона меҳнат қилган, одоб-аҳлоқли ва юқори маънавиятли фарзандларни тарбиялаган оналар хизматини юксак эътироф этиш ва тақдирлаш мақсадида таъсис этилиши таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, кўп болали оилаларга нисбатан манзилли давлат сиёсатини юритиш мақсадида уларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш масаласини ҳам ўрганиш бўйича қатор идораларга вазифа юклатилди.

Унга асосан, эндиликда Ўзбекистонда:
– кўп болали оилаларнинг электрон реестри шакклантирилиши ва доимий равишда юритиб борилиши,
– бундай оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий кўмаклар ҳажми таҳлил қилиб борилиши,
– кўп болали оилаларга кўрсатилиши зарур бўлган кўмаклар тўғрисида маълумот йиғиш масалаларига кўпроқ этибор қаратила бошланиши мумкин.

Маълумот ўрнида, «Қаҳрамон она» ордени СССРда 1944 йилда, демографик инқирознинг олдини олиш мақсадида таъсис этилган бўлиб, 10 ёки ундан кўпроқ болани дунёга келтирган оналар ўнинчи фарзанди 1 ёшга тўлган ва қолган болалари ҳаёт бўлган тақдирда мазкур орден билан тақдирланган. Мукофот эгаларига қатор имтиёзлар жорий этилган.

Айрим маълумотларга кўра, 1944-1991 йиллар давомида Ўзбекистонда юз мингга яқин онага «Қаҳрамон она» ордени берилган. Шунингдек, советлар даврида беш нафардан кўпроқ бола туғган оналарга уч даражали «Оналик шуҳрати» медали ҳам бериб келинган.

Мавзуга оид