Human ХБА раҳбарига қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Жиноий иш билан 60 нафар терговчи шуғулланмоқда
18 сентябрь куни Ўзбекистондаги илк хусусий бандлик агентликларидан бири – “Human ХБА” лицензияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 10 кун муддатга тўхтатилгани ҳақида хабар қилинди. Орадан икки кун ўтгач, 20 сентябрда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаевга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлигини ва ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи сифатида жалб этилганини маълум қилди. Ҳозирда Ш.Файзуллаев эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Мазкур агентлик билан боғлиқ машмашалар қандай юзага келди? Жабрланувчилар сони қанча? Улар нимага асосланган ҳолда ва нима учун МЧЖга пул тўлаган? Kun.uz тасвирга олиш гуруҳи юқоридаги ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида воқеани ўрганди. Даставвал айрим жабрланувчиларнинг сўзларига қулоқ тутамиз.
«Мен 2019 йил январда “Human хусусий бандлик агентлиги” билан Германияга ишга юбориш бўйича шартнома тузганман. Улар 8 ойда юборишни айтишганди, мана 9 ой бўлди юборгани йўқ. Мана шу 9 ой ичида адашмасам 50 марталар келдим, шекилли мана шу ерга. Нега деганда, мен Тошкентда мардикорчилик билан шуғулланиб келаман. Мен бу 35 млн сўмни қариндошларимдан қарзга олганман. 2020 йил майларига қарзимни узишни ҳисоб-китоб қилган эдим», - дейди жабрланувчи.
«Мен Германияга кетарканман деб, бир аёл кишидан 2 минг доллар олганман. Ўзимизча, режалар ҳам тузгандик. Бизга ишлайдиган завод-фабрикаларинг деб расмлар кўрсатишганди. У вақтда бир доллар 8300 атрофида эди. Ҳозир, шунинг ўзида ҳам 2,200 минг сўм ютқазяпман. Қолаверса, Фарғонага қуруқ қўл билан қандай қайтаман. Бир марта уйимга келиб жанжал кўтариб кетди. Ҳозир борсам, яна жанжал», - дея ёзғиради бошқа бири.
Мазкур масала бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туман ИИО ФМБ (фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) бошлиғи ўринбосари, майор Дилмурод Сатинбоевга учрашиб, бугунги кунда тергов жараёни қайси босқичда экани, республиканинг узоқ ҳудудларидаги жабрланувчилар нима қилиши кераклиги хусусида саволлар билан мурожаат қилдик.
«2019 йил 16 сентябрда 50дан ортиқ фуқаро Яккасарой туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси 72-74 биносида жойлашган “Human хусусий бандлик агентлиги”га Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литва давлатларига ишлаш мақсадида кетиш учун 18 млн. сўмдан 35 млн. сўмгача пулларни берганликлари, аммо шу кунгача агентлик томонидан шартномада кўрсатилган муддат – 3,6,8 ой ичида белгиланган давлатларга юбормай, шу билан бирга, олган пулларни ҳам қайтармай келаётганликларини таъкидлашган. Бугунги кунда аризачилар сони 75га яқин.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168 моддаси, 4-қисми, “а” банди билан жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу иш доирасида 1992 йилда туғилган Файзуллаев Шоҳнур гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, сўроқ қилинган», - деди майор Дилмурод Сатинбоев.
Мавзуга доир:
Меҳнат вазирлиги «Human» хусусий бандлик агентлигига берилган лицензияни вақтинчалик тўхтатди
«Human» хусусий бандлик агентлиги директорига нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Унинг сўзларига кўра, мазкур иш бўйича кейинги тергов ҳаракатларини олиб бориш Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига ўтказилган. Бундан ташқари, тергов жараёнида асосий эътибор жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар ўрнини қоплашга қаратилмоқда. Шу мақсадда, фуқаролар томонидан тўланган пуллар қаерларга сарфланганини аниқлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Дилмурод Сатинбоев, шунингдек, ушбу фирмадан жабрланган ва республиканинг узоқ туманларида яшовчи фуқаролар ҳам мурожаат қила олишлари, бунинг учун айнан Тошкентга, Яккасарой туманига келишнинг ҳожати йўқлигини билдирди, чунки ушбу иш бўйича республика бўйича 60 нафар мутахассисдан иборат тергов гуруҳи шакллантирилган.
«Фирмадан жабрланган фуқароларнинг аризалари қабул қилиниши давом этмоқда. Улар 71-230-98-41 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу агентлик Тошкент вилоятидан бошқа барча вилоятларда ўз филиалларига эга. Шунга кўра, фирма билан шартнома имзолаган фуқаро, Қорақалпоғистонда бўлса Тошкентга келиши шарт эмас. Ўзи истиқомат қилиб турган туман ички ишлар органига мурожаат қилиши, барча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Туман терговчиси жабрланувчидан барча маълумотларни олиб, ишларни бирлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББга юборади», - дея таъкидлади Яккасарой туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари.
Маълумотларга кўра, агентлик билан 1050 нафар фуқаро шартнома тузган, шундан 200 нафарга яқини Туркияга юборилган. Агентликнинг банк ҳисоб рақамига жами 28 млрд. 200 млн сўмдан ортиқ маблағ келиб тушган. Тергов томонидан агентлик раҳбарининг сарф-харажатларига доир барча ўрганишлар олиб борилмоқда.
Қайд этиш ўринлики, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи полковник Зафар Алимов ҳам, Яккасарой туман ИИБда ҳам “Human ХБА”дан жабрланганларга бевосита ҳуқуқий маслаҳатлар беришмоқда. Жумладан, Тергов бошқармаси бошлиғи Зафар Алимовнинг фуқароларга тушунтиришича, жиноий иш доирасида ҳар бир ҳолат ўрганилади, ишга алоқадор бўлган ҳужжатлар билан танишиб чиқилади. Фирибгарликда гумон қилинувчи билан жабрланувчи юзлаштирилади. Агар, вилоятлардаги филиаллар орқали шартнома қилинган бўлса, бу ҳолатлар ҳам инобатга олинади.
Kun.uz мухбири фуқаролар ва ички ишлар мулозимлари билан учрашгач, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили билан мулоқот қилди ҳамда вазирликнинг муаммо юзасидан фикрини ўрганди.
«2018 йил август ойида Президентимиз Хусусий бандлик агентликлари фаолиятига доир ҳужжатга имзо қўйди. Бу вақтгача Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаш билан фақатгина Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиб келар эди. Ҳужжат билан бу агентлик монополиясига барҳам бериш, фуқароларга қулайликлар тақдим этиш назарда тутилган эди», - деди Д.Матрасулов.
Унинг таъкидлашича, шу вақтга қадар, агентликдан бошқа ҳеч ким ёки тадбиркорлик субъекти фуқароларни хорижий мамлакатга меҳнат миграциясига юбориш билан шуғуллана олмас эди. Шу билан бирга, ҳужжатга мувофиқ, ички меҳнат бозорида бандлик хизматини кўрсатувчи шахслардан лицензия талаб қилинмайди. Вазирликнинг махсус лицензияси фақат хорижий мамлакатларга ишга юбориш билан шуғулланишни мақсад қилган тадбиркорлик субъектларига бериладиган бўлди.
«Дастлаб 61та хусусий бандлик агентлигига рухсат берилди. Иккита агентликнинг лицензияси уларнинг хоҳишига биноан тугатилди. Ҳозирда уларнинг сони 59тани ташкил этмоқда. Булар қаторида “Human хусусий бандлик агентлиги” ҳам бор».
Матрасуловнинг таъкидлашича, аксар хусусий бандлик агентликлари фаолиятларини етарлича ташкил эта олмаяпти. Гарчи, вазирлик томонидан йўл-йўриқлар кўрсатилиб, бир неча маротаба тренинглар ўтказилганига қарамай, фаолиятларини кўнгилдагидек олиб бора олмаяпти.
Шунинг баробарида, вазирлик вакилининг таъкидлашича, аксар фуқаролар ҳам хусусий бандлик агентликлари билан шартнома тузишдан аввал ўша шартномалар билан танишишни хаёлига ҳам келтирмаяпти. Вазирлик бу борада ҳам тарғибот ишларини олиб бориб, видеороликлар давлат телеканаллари орқали намойиш этилаётган бўлса-да, вазирлик ҳузуридаги ишонч телефонига қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот кам тушмоқда. Бундан ташқари, шартнома шартларини тушунмаган фуқаролар БваММВнинг вилоятлардаги бошқармаларига бориб, ўзларига таклиф этилган шартнома бўйича бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкин. Бироқ, уларнинг аксарияти бундай имкониятдан фойдаланишмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, “Human хусусий бандлик агентлиги” Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг №0002 рақамли лицензиясини 2018 йил ноябрь ойида олган бўлиб, бугунги кунда ушбу лицензия вақтинчалик тўхтатилган.
Мавзуга оид
16:58 / 03.04.2021
Фирибгарлар уддабуронми ё одамлар лақма?
00:07 / 31.03.2021
«Migration consulting agency» ХБА фаолияти яна тўхтатилди
13:59 / 09.02.2021
Тўртта хусусий бандлик агентлигининг лицензияси бекор қилинди, яна учтасиники тўхтатилди
19:10 / 28.11.2020