Ўзбекистон | 20:47 / 24.09.2019
9624
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Саудия Арабистони Подшоҳлиги миллий куни нишонланди

23 сентябь куни Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Миллий кунининг 89 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Подшоҳликнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров, ўнлаб давлат элчихоналари вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ҳишом бин Мишъал бин Сувайлим Ол Сувайлим сўзга чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги эълон қилинган кун ва мамлакатда бугунги кунга қадар амалга оширилган ўзгаришлар ҳақида гапирди.

«Подшоҳлик ўз ҳудудлари бирлаштирилганидан кейин Ислом дини тамойилларидан келиб чиқиб, халқаро муносабатларда мўътадиллик, бошқа давлатлар ишларига аралашмаслик, тамойилларига асосланган сиёсат юритди, Икки муқаддас масжидга хизмат қилишни ўз зиммасига олди, зиёратчилар, умрачилар ва ҳожилар ўз амалларини эмин-эркин адо этиши учун барча шароитларни яратиб берди.

Подшоҳлик 2016 йилда «2030 йилга Саудия Арабистонининг назари» номли иқтисодий ислоҳотлар ва тараққиётнинг кенг кўламли режасини эълон қилди. Бу йилги миллий кун «Юксалиш йўлида саъй - ҳаракат» шиори остида нишонланмоқда. У Подшоҳликни кучли раҳбарият билан тараққиётнинг юқори даражасига олиб чиққан миллий бирликни акс эттиради», деди у.

Ҳишом бин Мишъал бин Сувайлим Ол-Сувайлим шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони подшоҳлиги ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолатига ҳам тўхталиб ўтди. 

Жумладан, «Саудия Арабистони подшоҳлиги ва қардош Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги алоқалар 1992 йилда ўрнатилгандан бери ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бу йил мазкур алоқалар ўрнатилганига 28 йил тўлди.

Ўзаро алоқаларимиз давомида икки мамлакат раҳбарлари ва юқори даражадаги масъуллар ўртасида қатор ташрифлар амалга оширилди ва учрашувлар ўтказилди, бир қатор битимлар имзоланди, турли соҳаларда ўзаро алоқалар йўлга қўйилди. Шунингдек, икки мамлакат ва биродар халқни бирлаштириб турадиган умумийликлар кўп бўлиб, уларнинг орасида дин ва тарих муштараклиги ҳамда қуда-андачилик ришталари алоҳида ажралиб туради», дея элчининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Байрамона тадбир давомида меҳмонларга Саудия Арабистони миллий таомлари тортиқ қилинди.

Мавзуга оид