Ўзбекистон | 16:35 / 25.09.2019
29666
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда электробус синов ҳаракати қандай ўтмоқда?

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрининг 41 ─ “Чилонзор буюм бозори ─ Чилонзор 25-мавзе” йўналишида синов тариқасида Белоруссиядан келтирилган электробус қатнови йўлга қўйилган. “Тошшаҳартрансхизмат”АЖ ва Белоруссиянинг “Белкоммунмаш” компанияси ўртасидаги меморандум асосида амалга оширилаётган синов қатнови самарали кечса, пойтахт кўчаларида электробуснинг доимий ҳаракати йўлга қўйилиши режалаштирилган. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун уюштирилган пресс-тур давомида синов қатнови ҳамда электробуснинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.

Электробус 94 йўловчига (27та ўриндиқ мавжуд, 67 нафар йўловчи тик кетиши мумкин) мўлжалланган, шунингдек, ногиронлар учун ҳам жой ажратилган. Транспортда иккита мини телевизор ўрнатилган.

Электробус қарашли бўлган 7-автосарой директори Боситхон Ғуломовга кўра, электробус экологик жиҳатдан хавфсиз эканлиги, иқтисодий жиҳатдан тежамкорлиги билан оддий автобуслардан устунликка эга. Ҳозирда электробуснинг техник ҳолати бўйича жавобгарликни белоруссиялик мутахассисларнинг ўзи олган.

“Белкоммунмаш” заводи мутахассиси Сергей Сенкеевичнинг маълумот беришича, электробус жуда қисқа муддат ─ 8-9 дақиқа ичида тўлиқ қувватланади. Бу унинг суперкондитсатор технологияси асосида ишлаши билан боғлиқ. Бу қувват 20 км масофани босиб ўтиш учун етиши кафолатланган.

“Қувват сарфи автобус салонида қанча йўловчи борлигига ҳам боғлиқ. Бўшроқ бўлса, 20 км.дан ҳам кўпроқ масофага юриши мумкин. Электробусга тўртта кузатув камераси ўрнатилган. Улар автобус салонини, қувватлагичнинг ҳолатини, йўлнинг олд ва атрофдаги қисмини кузатиш имконини беради. Электробус қувватлагичи олдида махсус кондиционер бўлиб, у ҳароратни бир маромда ушлаб туришга хизмат қилади”, ─ дейди мутахассис.

Маълум қилинишича, Е420 “Vitovt Elektro” электробусининг синов ҳаракати муваффақиятли ўтса, унинг доимий ҳаракатини йўлга қўйиш учун мутахассислар, техник ходимлар махсус дастур асосида тайёрланади.

Шунингдек, БМТнинг ривожланиш лойиҳаси Ўзбекистонда электробуслар қатновини йўлга қўйиш учун 4 млн доллар бюджет ажратишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Мавзуга оид