Жаҳон | 00:34 / 27.09.2019
13747
2 дақиқада ўқилади

Миср Эрдўғаннинг Мурсий ҳақидаги сўзлари учун Туркияга норозилик билдирди

Туркиянинг Қоҳирадаги вақтинчалик вакили Миср ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга норозилик нотаси топширилган. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди.  

Таъкидланишича, Миср Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг БМТ Бош ассамблеяси 74-сессиясидаги баёнотлари бўйича норозилик билдирилган. Эрдўған ўз нутқида Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг ўлимини жиддий танқид қилган ва бу учун жавобгарликни Миср ҳукумати зиммасига юклаган.   

Эрдўғаннинг бу сўзларидан кейин Миср ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Аҳмад Ҳофиз Туркия етакчисини ёлғончиликда айблаган ва дунё ҳамжамиятини уни Суриядаги ва бошқа давлатлардаги террорчиликни қўллаб-қувватлаш бўйича жавобгарликка тортишга чақирган. У, шунингдек, Эрдўғанни ўз давлатидаги қатағонларда айблаган.     

Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий 17 июнда жосуслик иши бўйича суд мажлисида вафот этган. Миср телевидениеси маълумотларига кўра, Мурсий юрак хуружи оқибатида жон берган. 

Ўшандаёқ Эрдўған Миср ҳукуматини Мурсийни қасддан ўлдиришда айблаган ва БМТни Мурсий ўлими тафсилотларини тергов қилишга чақирган. Туркия президенти Миср раҳбариятини халқаро трибуналда жавобгарликка тортиш, бунга Ислом ҳамкорлиги ташкилотини жалб қилиш ва масалани G20 саммитида кўтариш учун барча зарур ишни қилишга ваъда берган. 

Эрдўған Мурсийнинг ўлимини журналист Жамол Қошиқчининг Истанбулда ўлдирилишига қиёслаган ва Анқара Мурсий ишини тергов қилишда барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини айтган.

Мавзуга оид