Спорт | 23:49 / 27.09.2019
17036
2 дақиқада ўқилади

Спортчи тоби қочган рақибига маррагача етиб олишда кўмаклашди (видео)

Доҳада енгил атлетика бўйича бошланган жаҳон чемпионатининг 5000 метрга югуриш бўйича саралаш босқичида гвинеи-бисаулик югурувчи Браима Сункар Дабо ўзини ёмон ҳис қилган Аруба вакили Жонатан Басбига маррагача етиб олишда кўмаклашди.

Арубалик спортчи югуриш вақтида дим ҳаво сабабли ўзини ёмон қилиб, масофада зўрға ҳаракатланган ва маррага ўзи етиб бориши даргумон бўлган. Охирги давра бошида гвинеи-бисаулик спортчи рақибини қўлидан тутиб, унга марра чизиғини кесиб ўтишда ёрдам берган. Икки спортчи томошабинлар олқишлари остида маррага биргаликда келишган. Финишдан кейин ҳолдан тойган арубалик спортчи ерга йиқилган.

Ғалаба эса масофани 13 дақиқа 24,69 сонияда югуриб ўтган эфиопиялик Селемон Барегага насиб этган. Дабонинг натижаси эса 18 дақиқа 10,87 сонияни ташкил қилган. Арубалик спортчи кўрсатган вақт эса ҳисобга олинмаган.

Бу йўналишда финал босқичи 30 сентябрда бўлиб ўтади. Чемпионат 6 октябргача давом этади. 

Мавзуга оид