Ўзбекистон | 08:25 / 01.10.2019
19412
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги болалар мактаблари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги техник ижодиёт, бадиий ижодиёт, ўлкашунослик ва экология бўйича “Баркамол авлод” республика болалар марказлари негизида Республика “Баркамол авлод” болалар мактабини;

“Баркамол авлод” туман (шаҳар) болалар марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказлари негизида “Баркамол авлод” болалар мактабларини;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳузуридаги ахборот-ресурс марказлари негизида “Болалар кутубхоналари”ни;

2020-2023 йилларда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тизимли равишда болалар туризмини ривожлантириш мақсадида “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳузурида 100-200 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Белгиланишича:

“Болалар кутубхоналари” умумтаълим муассасалари кутубхоналарига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш, ўқувчиларнинг миллий ва жаҳон болалар бадиий адабиётлари дурдона асарларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, уларни китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, маданий-маърифий тадбирларни (“Ёш китобхон”, “Китобхон мактаб”, “Энг яхши кутубхоначи” ва бошқалар) ташкил этишга кўмаклашиш;

“Болалар сайёҳлик базалари” “Баркамол авлод” болалар мактабларининг “ёш сайёҳ”, “ёш экскурсовод”, “ёш ўлкашунос” тўгарак аъзолари учун ўлкамиз тарихи, қадимий ва муқаддас қадамжолар, миллий урф-одатларимиз билан яқиндан таништириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва асраш, болалар ўртасида экология ҳамда саёҳат қилиш маданиятини юксалтириш мақсадида ташкил этилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш бўйича асосий вазифалари этиб белгиланди:

ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, бунда уларнинг санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш ҳамда қизларни ижтимоий фаол ҳаётга тайёрлашни ташкиллаштириш;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали болаларни индивидуал ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва услубий материалларни доимий такомиллаштириб бориш;

робототехника, мехатроника, муҳандислик ва компьютер дастурий таъминоти йўналишларидаги тўгаракларни доимий ривожлантириб бориш;

болалар ва таълим туризмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;

ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, шу жумладан, дунё бозорига миллий анъаналаримиз асосида “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тўгарак аъзолари томонидан яратилган маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида “Art shop” электрон дўконларини ташкил этиш ва сотувини йўлга қўйиш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларига ўқувчилар қамровини ошириш, ўқувчилар қизиқишларига кўра тўгаракларни ташкил этиш ва доимий фаолият олиб боришини таъминлаш;

болаларда касбни эгаллаш бўйича дастлабки билим ва кўникмаларни шакллантириш, тармоқ тўгараклари фаолиятини методик таъминлаш, китобхонлик маданиятини ошириш учун мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини замонавий таълим дастурлари орқали такомиллаштириш;

етакчи ташкилотлар ва олий таълим муассасалари билан биргаликда “Баркамол авлод” болалар мактабларида робототехника ва техник ижодиёт йўналишида фойдаланадиган хомашёлар рўйхатини шакллантириш ва янгилаб бориш;

болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш учун хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари асосида “Баркамол авлод” болалар мактабларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида “Болалар технопарки” лойиҳаларини ташкил этиш;

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”нинг халқаро ҳамда республика танловлари ғолибларини муносиб рағбатлантириш механизмларини йўлга қўйиш;

тизимда илмий ва амалий тажриба алмашиш ишларини олиб бориш мақсадида хорижий мамлакатларда ходимларнинг малака ошириши ҳамда мақсадли хизмат сафарларини ташкил этиш;

болалар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш, кўчма кутубхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ва мактаб кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

мактабдан ташқари таълим муассасаларининг бўш турган бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш.

Белгиланишича:

“Баркамол авлод” болалар мактабларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб “STEAM – таълим” (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури жорий этилади;

эксперимент тариқасида ҳар бир туманда битта умумий ўрта таълим мактабларида муассаса моддий-техник базасидан келиб чиқиб ҳамда ўқувчилар қизиқишига кўра “Баркамол авлод” болалар мактабларининг тармоқ тўгараклари ташкил этилади;

“Баркамол авлод” болалар мактаблари ва “Болалар кутубхоналари”ни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, шунингдек, мазкур объектларни жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

2020 йил 1 январдан бошлаб “Баркамол авлод” болалар мактабларини махсус асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳаси учун ажратилган маблағлар доирасида ва “Баркамол авлод” болалар мактабларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

200 ўқувчига мўлжалланган “Баркамол авлод” болалар мактаблари, 100-200 ўринли “Болалар сайёҳлик базалари”, 100 ўқувчига мўлжалланган “Болалар кутубхоналари”ни янгидан қуриш ишлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан келишилган якка тартибда тасдиқланган лойиҳаларга қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда қурилиш-монтаж ишларини бажаришда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимлари ва тўгарак раҳбарларини тегишли мутахассислик йўналишида малака ошириш тизимини жорий этиш мақсадида 2020 йил 1 январдан бошлаб А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Мактабдан ташқари таълим тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кафедраси ташкил этилади.

Замонавий таълим технологиялари асосида, шу жумладан, масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда ихтисослаштирилган тўгараклар йўналишлари бўйича халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари ходимларини малака оширишнинг ва қайта тайёрлашнинг амалдаги нормаларига мувофиқ қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Кафедранинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Баркамол авлод” болалар мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкаларини 2020 йил 1 январдан:

директор ва директор ўринбосарлари учун 1,55 бараварга;

тўгарак раҳбари учун 1,5 бараварга ошириш;

инструктор-услубчилар ва услубчилар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб амалга ошириш ва уларнинг базавий тариф ставкалари миқдорларини тўгарак раҳбарлари базавий тариф ставкалари миқдорига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид