Ўзбекистон | 19:50 / 02.10.2019
24040
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Валентина Матвиенкони қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 октябрь куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенкони қабул қилди.

Давлат раҳбари мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, Валентина Матвиенкони Россия Федерацияси парламентининг юқори палатаси раиси лавозимига қайта сайлангани билан табриклади ҳамда ушбу масъулиятли фаолиятида муваффақият тилади.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида бугун юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди. 

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги самарали мулоқотлар, Россия Президентининг ўтган йил октябрь ойидаги Ўзбекистонга тарихий давлат ташрифи мамлакатларимизнинг кенг кўламли ҳамкорлигини кенгайтиришга кучли суръат бағишлаб, уни аниқ мазмун билан бойитди.

Валентина Матвиенко, ўз навбатида, самимий қабул учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Россия парламенти делегациясининг ушбу ташрифи мамлакатларимиз кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қатъий интилаётганининг навбатдаги тасдиғи экани таъкидланди.

Учрашувда икки томонлама муносабатлар, шунингдек, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, транспорт-логистика, агросаноат, илмий-техник соҳаларда истиқболли лойиҳаларни илгари суришда, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришда икки мамлакат парламентларининг фаол иштирокига оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Халқаро парламентлараро ташкилотлар доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Федерация Кенгаши раиси кўп қиррали Ўзбекистон-Россия муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни изчил ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади.

Валентина Матвиенко жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларига сайловлар муваффақиятли ўтишини тилади.

Мавзуга оид