Ўзбекистон | 19:20 / 03.10.2019
8597
4 дақиқада ўқилади

«Tashkent book fest – 2019» тассуротлари. Тошкентдаги илк Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси қандай ўтмоқда?

Кеча, 2 октябрь куни «Tashkent book fest – 2019» I Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси ўз ишини бошлади. Унда миллий ва халқаро нашриёт вакиллари, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Жумладан, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг 18та нашриёти ва 30дан ортиқ маҳаллий нашриётлар ўз китобларини жамоатчиликка намойиш қилмоқда. 

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  директори Комил Алламжонов халқаро китоб кўргазмасини ташкил этишдан кўзланган мақсад ва унинг натижалари ҳақида гапирди.

«Кўргазма-ярмарканинг асосий мақсади – китоб ва мутолаани тарғиб қилиш, иштирокчи давлатларнинг адабий меросини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мутолаа маданиятини шакллантириш, жаҳон босма саноати тажрибасини ўрганиш ва нашриётлар ҳамда китоб тарқатувчилар, ахборот-кутубхона муассасалари ва китоб-мутолаа масалаларига масъул ташкилотлар ўртасида халқаро алоқаларни ўрнатишдан иборат», деди у.

Очилиш маросимида сўзга чиққан хорижий меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда китобхонлик ва китоб ноширлиги соҳасидаги олиб борилаётган ишларни юқори баҳолашди. Хусусан, Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Тил сиёсати Қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Бешта ташаббус» ва унинг доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида қилинаётган ишлар қўшни давлатда ҳам ижобий таассурот уйғотаётганини таъкидлади.

Германиянинг Klett нашриёти ходими Сандра Рамспергернинг фикрича, кўргазма меҳмонлари немис тилидаги китобларга ва герман тилига қизиқиш билан қарамоқда.

«Таъкидлаш жоизки, нашриётимиз Германиянинг энг яхши мактаб нашрларини чоп этади. Бундан ташқари, турли хорижий тиллардаги китобларни ҳам босмадан чиқарамиз», - дейди у.

Ярмаркада иштирок этаётган адабиётшунос Шуҳрат Ризаев китоб кўргазмалари бутун дунёда доимий ўтказиб борилиши, уларнинг илк бор Ўзбекистонга ҳам кўчиши эса ижобий ҳодиса эканини, айни мана шундай кўргазмалар билан одамларнинг китобхонликка қизиқиши янада ошиши мумкинлиги ҳақида гапирди.

«Айни дамда Хитой ижодиётининг дурдона асарларини намойиш қиляпмиз. Улар орасида болалар адабиёти, хитой тилини инглиз тилида ўргатувчи турли изоҳли китоблар ҳам бор. Турли дарсликлар ҳам кўргазмамиздан жой олган. Ушбу халқаро ярмарка ҳақида эса фақат битта нарса дейишим мумкин: бу каби тадбирлар Ўзбекистонга керак», - дейди Хитой маданий маркази директори жаноб Янг. 

Кўргазмада маҳаллий нашрларнинг стендлари орқали чет эллик нашриёт вакилларига ҳам Ўзбекистон босма саноати ҳақида маълумот бериш лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири бўлмоқда. 

«Ҳилол» нашриёти ҳам кўргазмада янги асарлар билан иштирок этяпти. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарлари жамланмаси, ёзувчи Тоҳир Малик тўпламлари ҳам шулар жумласидан. Бундан ташқари, кўргазмада алоҳида бепул wi-fi зонаси ташкил этиш билан ўқувчиларга нашриётнинг электрон базасидаги китобларни ўқиш имкони берилди», - дея маълумот берди «Ҳилол» нашри бош муҳаррири Ёрқинжон Ҳайдаров. 

Маълумот учун, «Tashkent book fest – 2019» халқаро кўргазма-ярмаркаси 4 октябргача давом этиши режалаштирилган бўлиб, турли тақдимотлар, викториналар, маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид