Жаҳон | 19:36 / 05.10.2019
8488
2 дақиқада ўқилади

Ироқда юз берган тартибсизликларда қурбон бўлганлар сони 100 кишига етди 

Ироқда тўрт кун давомидаги норозилик намойишларида қурбон бўлганлар сони 100 кишига етди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб Al Arabiya телеканали хабар берди.

Аввалроқ Reuters агентлиги 72 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Телеканалнинг хабарига, Бағдодда бўлиб ўтган норозилик намойишлари давомида 3 мингдан ортиқ киши жароҳат олган. 540 киши ҳибсга олинган, улардан 200 нафари ҳибсда сақланмоқда.

Аввалроқ, расмийлар пайшанба оқшомида Бағдодда, шунингдек, Ан-Носирия, Ал-Хилла ва Ал-Амара шаҳарларида жорий этилган комендантлик соатлари бекор қилинишини эълон қилганди. Бағдод кўчаларида транспорт ҳаракати тикланди. Республика қуролли кучлари қўшма операциялар қўмондонлигининг билдиришича, Ироқдаги вазият тўлиқ назорат остида.

Ироқда 1 октябрь куни қашшоқлик, ишсизлик ва коррупцияга қарши норозилик намойишлари бошланди. Бағдод ва бошқа шаҳарлар кўчаларига чиққан аҳоли ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилди. Айрим жойларда, жумладан пойтахтда тинч бошланган намойишлар тартибсизликларга ва хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланди. Таъкидланишича, радикал шиа имоми Муқтадо ас-Садр парламентни истеъфога чиқишга ва халқаро кузатувчилар назорати остида муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирган.

Мавзуга оид