Жамият | 13:49 / 05.10.2019
42715
2 дақиқада ўқилади

Паркентдаги ширк ҳолатига Мусулмонлар идораси муносабат билдирди

Яқинда ижтимоий тармоқда аёллар ва болалар кимнингдир қабрини тавоф қилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этаётгани тасвирланган видео тарқалганди.

Azon.uz сайтининг You tube каналига жойлаштирилган видеолавҳа Тошкент вилояти Паркент туманидаги Заркент қишлоғида жойлашган «Заркент бобо» зиёратгоҳида олингани айтилганди.

Ҳолат юзасидан юзасидан «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Яҳё Абдураҳмонов Kun.uz'га  ўз фикрларини билдириб ўтганди. Яҳё Абдураҳмонов зиёратгоҳлар фарзанд, бойлик, дунё ва бошқаларни сўраш учун ташкил қилинмагани, у ер асосан ўлимни эслаш учун ва Аллоҳдан азизларнинг охиратларини обод қилишини сўраб, Қуръони Карим оятлари зикр қилинадиган оддий бир маскан эканини таъкидлаганди. 
Бундай амаллар ширкдан бошқа нарса эмаслигини айтиб, бу ишлардан Яратганнинг қаҳри келиши ва ундан сақланиш вазифамиз эканини тушунтирганди.

Мазкур ҳолатга Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабат билдирди. Матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Тошкент вилояти Паркент тумани имом-хатиблари томонидан зиёратгоҳда кузатилган динимизга зид амалларни бартараф этиш чоралари кўрилди ва у ердаги ҳолат доимий назоратга олинди. Ушбу туман имом-хатиблари томонидан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ислом динида баён этилган зиёрат одоблари акс этган пешлавҳаларни идора тасарруфида бўлмаган қадамжоларга ҳам жойлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари Диний идора ташаббуси бошланди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир бор шу каби ўз тасарруфида бўлмаган зиёратгоҳларнинг масъулларини мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, зиёрат одобларини тушунтириш борасида ҳамкорликка доим тайёр эканини маълум қилган.

Мавзуга оид